Нефть-газ кимёси соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ҳолатига оид тақдимот билан танишди.
Нефть-газ кимёси – қўшимча қиймат яратадиган, экспортда катта ўрин тутадиган тармоқ. Ўзбекистонда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, иқтисодий самарадорликни кўпайтириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича қарийб 9 миллиард долларлик 52 та лойиҳа белгиланган. Шундан 15 таси ноорганик кимё, 23 таси органик кимё, 12 таси полимерлар бўйича. Яна бир лойиҳага кўра, янги турдаги полимер маҳсулотлар бўйича илмий тадқиқот ва тажрибалар ўтказиб, лойиҳаларни бевосита ишлаб чиқаришга жорий этадиган ҳамда етук мутахассислар тайёрлайдиган инновацион марказ ташкил қилинади.
Тақдим этилган барча лойиҳалар самарасида 4,1 миллиард доллар қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллиард долларлик импорт ўрни тўлдирилиши ва 1,45 миллиард долларлик экспорт таъминланиши мумкин. Жами 6 минг 500 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Кўпикли полипропилен, ёғоч-полимерли композит лист, водород пероксиди, карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар, карбамид формальдегид концентрати, сульфат кислота, карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқариш каби истиқболли лойиҳалар келгуси йили ишга туширилади. Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол заводининг 2-босқичи ҳамда компрессорни ювувчи саноат мойи корхонаси бўйича ишлар бошланади.
Тақдимотда мазкур лойиҳалар ижросининг бориши, бу борадаги халқаро келишувлар натижалари юзасидан ахборот берилди.