O`zbekiston

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ИШТИРОКЧИЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 13 январда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 12 мартда маъқулланган.

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Тарафлар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларидир.

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Ҳисоб палатаси раиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил иштирок этиши мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.

Қуйидагилар конституциявий суд ишларини юритишда тарафлардир:

Конституциявий судга мурожаат этган давлат органи ёки мансабдор шахс, фуқаролар ва юридик шахслар;

Конституцияга мувофиқлиги аниқланиши ёки шарҳ берилиши лозим бўлган тегишли ҳужжатни қабул қилган давлат органи ёки мансабдор шахс;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятида кўрсатилган масалаларни ҳал қилиш ўз ваколатига киритилган давлат органи.

Тарафлар Конституциявий судда шахсан ва (ёки) вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли. Тараф бир ёки бир нечта вакилга эга бўлишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ва юридик шахсларнинг раҳбарлари Конституциявий судда лавозими бўйича тарафларнинг вакили бўлиши мумкин. Лавозими бўйича тарафларнинг вакиллари тарафларнинг манфаатларини ишончномасиз ифода этади.

Иш бўйича тарафнинг вакили сифатида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.

Тарафлар: барча иш материаллари билан танишишга, улардан кўчирмалар ёзиб олишга, кўчирма нусхалар олишга; иш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга; ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этишга; экспертиза тайинлаш, Конституциявий судга гувоҳларни, экспертларни, мутахассислар ва таржимонларни чақириш ҳақида илтимослар қилишга; экспертлар ва мутахассисларнинг номзодларини таклиф этишга; конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Тарафлар ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Тарафлар Конституциявий суд чақирувига биноан суд мажлисида иштирок этиши; тушунтиришлар бериши ва суд мажлисида раислик қилувчининг, Конституциявий суд бошқа судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши; суд мажлисида раислик қилувчининг суд мажлиси залида тартибга риоя этиш тўғрисидаги фармойишларига бўйсуниши шарт.

Ишга тааллуқли бирор-бир ҳолатдан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Гувоҳ: ўз она тилида кўрсатувлар беришга, таржимон хизматидан фойдаланишга, кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб беришга, ўз илтимосига биноан ишга қўшиб қўйилиши мумкин бўлган ёзма қайдлардан, ҳужжатлардан ва бошқа материаллардан ўз кўрсатувларини беришда фойдаланишга; ўзининг Конституциявий судга келиш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Гувоҳ Конституциявий суднинг чақирувига биноан келиши; кўрилаётган иш бўйича ўзига маълум бўлган маълумотлар тўғрисида ҳаққоний кўрсатувлар бериши; ўзида мавжуд бўлган тегишли материалларни суднинг талабига кўра тақдим этиши; Конституциявий суд судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши шарт.

Суд мажлисида кўрсатувлар беришдан олдин гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 44, 45 ва 46-моддаларида эксперт, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда таржимон, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтириб ўтилган.

 

Дилором Алмуратова,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

 

Related Articles

Back to top button