O`zbekiston

ЮРТИМИЗНИНГ ЯНА ИККИ ҲУДУДИ: САМАРҚАНД ВА ФАРҒОНАДА 25 НАФАР БЕМОР БУТУНЛАЙ СОҒАЙДИ

Самарқанд вилоятида 14 нафар, Фарғона вилоятида 11 нафар, жами 25 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.
Самарқандда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (9 нафари Тойлоқ туманидан, 3 нафари Самарқанд шаҳридан ва 2 нафари Оқдарё туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 8 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 70 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда.

Айни пайтга қадар ушбу вилоятда 80 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 94 нафарга етди.
Фарғонада тузалганларнинг ҳам барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Олтиариқ туманидан, 4 нафари Қува туманидан, Марғилон шаҳри ва Риштон туманидан 1 нафардан) бўлиб, улардан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Қолган 8 нафари Россиядан келишган ва карантинга олинган. Инфекция аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Беморларнинг барчаси эркак бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 45 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 28 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 139 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда улар 150 нафарга етди. Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача ушбу ҳудудда 158 та ҳолатда коронавирус қайд этилган бўлса, бир нафар вафот этган бемордан ташқари, айни пайтда 7 нафар бемор даволанмоқда. Шундай қилиб, ушбу вилоят коронавирусдан ҳоли ҳудуд мақомини олишга жуда яқин турибди.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 1945 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button