ЭЪТИБОРНИНГ ЖАВОБИ- РАҲМАТ!
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туман давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларга тезкор, сифатли ва қулай давлат хизматлари кўрсатиш баробарида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда, имкон доирасида ҳар бир аризага ижобий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳоли мурожаатлари, марказдан олис ҳудудларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз манфаати эътиборга олинган ҳолда кўрсатилаётган сайёр давлат хизматлари, сайёр қабуллар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишда муҳим омил бўлаяпти. Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасига жами 176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксариятида фуқаролар талаби қондирилган.
Мурожаатлар хусусиятига кўра таҳлил қилинганда, 176 та мурожаатдан 158 таси Давлат хизматларига оид 18 таси ДХМга тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ташкил этади. 91 нафар ота-оналар фарзандларини МТТларга жойлаштиришни ва бу борадаги қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйишни сўраб мурожаат қилишган.
Масалан, Термиз шаҳри, “Жўйжангал” маҳалласида истиқомат қилувчи Х. Г. 13 март куни тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони эканлиги, боғчага навбатга қўйган бўлсада ўз вақтида унга хабар қилинмаётганлиги, навбати ортга сурилиб келинаётганлигидан норози бўлиб шикоят қилган.
Бошқарма ходимларининг беовсита аралашуви билан Х.Г.нинг мурожаатидаги муаммоси ижобий ҳал этилиб фарзанди қисқа фурсатда Термиз шаҳридаги 12 сонли МТТга жойлаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 3 март санасида Шўрчи тумани яшовчи фуқаро Х.М. Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги 461-сонли қарори талаблари асосида ўзи яшаб турган уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида мурожаат қилган бўлсада, бир йилдан буён муаммоси ҳал бўлмаётганлигидан норози бўлиб ёзган шикояти, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди ва туман ҳокимининг “Уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида”ги қарори чиқартирилиб, фуқарога топширилди.
Бундан ташқари, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси раҳбарияти томонидан доимий равишда чекка ҳудудлардаги маҳалла ва қишлоқларда, сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма бошлиғининг сайёр қабулига келиб тушган 36 та мурожаатнинг 24 таси жойида ижобий ҳал этилиб, қолганлари тегишлилиги бўйича бошқа идораларга ижро этиш учун йўналтирилиб ижроси таъминланган.
Ангор туманининг “Новшаҳар” маҳалласида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда туманнинг “Чинобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Б. ҳужжатларини жамғариб бориладиган пенсия тизимига киритишни сўраб мурожаат қилганда, унинг иши бунчалар осон ва қулай ечим топишини кутмаган экан. Шу куннинг ўзида Ангор туман ДХМ томонидан кўрсатилган тезкор хизматдан фуқаро Т.Б. кўнгли тўлганлигини айтиб, ҳамкасбларимизга ўзининг самимий ташаккурларини изҳор қилди. Бунга ўхшаган мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.
Сир эмас давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янгича тизимига асос солинган бўлиб, бу тизим “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояга асосланган. Айни жараёнда Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳам фаол иштирок этиб, одамларни ўйлантираётган муаммоларга жойида ечим топишга устувор вазифа сифатида қараб келмоқда. Бу йўналишдаги ишларни ҳар қачонгиданда масъулият билан давом эттирамиз.
Акмал Бабаяров,
Давлат хизматлари агентлиги
Сурхондарё вилоят бошқармаси
Ташкилий тахлил бўлими бошлиғи