Madaniyat

ТУҲМАТ БАЛОНГДАН САҚЛА!

Бундан 60 йиллар муқаддам даҳшатли полиомиелит вирусига қарши тирик вакцина ишлаб чиқилган эди, Бу вакцина миллионлаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолган ва полиомиелит касалига баҳрам берган эди. Ушбу вакцина болаларнинг оғзига томизилар эди. Чет эл журналистлари ушбу вакцина ҳақида кўрсатув тайёрлаш учун келишиб, вакцина қабул қилган болага қайта вакцина берилишини сўрайди ва вакцина берилиш жараёни суратга олингач, уни туфлаб ташлаши мумкинлигини тушунтиришади. Шифокорлар болага вакцина беришади ва суратга олингач, вакцинани туфлаб ташлаш жараёнини ҳам журналист суратга олиб, зарарли вакцинани бизга экспорт қилмоқчи, мана ўзларида вакцинани туфлаб ташлаяпти, деган шов-шувли буҳтон хабар тарқатишади. Мана шу ёлғон хабар туфайли миллионлаб болалар ўз вақтида даволана олмайдилар.

… 23 март куни Ангор туманида яшовчи саховатпеша тадбиркор маҳалладаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатаётганини эшитган фаол блогер ушбу ҳолатни суратга олиб, савобли амални  тарғибот қилиш учун тасвирга олмоқчи бўлади, лекин у кечикиб келганлиги сабабли маҳсулотлар қайта тарқатилишини илтимос қилади. Маҳсулотларни қайта “Дамас” машинасига ортилаётганлиги кўриб қолган Б.И.шу заҳотиёқ телефонига тасвирга туширади. Воқеанинг асл моҳиятини суриштирмасдан YOUTUBE ижтимоий тармоғи орқали “Ўзбекистонда сахийлик учун берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш жараёни видеотасвирга олингандан сўнг қайтариб олинмоқда” дея изоҳ бериб, ёлғон маълумот тарқатди.

Ушбу иш Ангор тумани маъмурий судида кўрилиб, Б.И. бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганликда ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилди. Унга нисбатан жазо тайинлашда унинг аввал маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб қонун санкциясида белгиланган энг кам жаримадан ҳам камроқ жарима яъни энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Халқда, “Ўт балонгдан, сув балонгдан, туҳмат балонгдан сақла!” дейдилар. Халқимиз коронавирус балосига жипслашиб қарши курашаётган, саховатпеша инсонлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаб, уларни бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар билан таъминлаётган бир пайтда ижтимоий тармоқлар орқали ўз халқига тўҳмат уюштираётганлар  жазосиз қолмайди.

Оловжон

Related Articles

Back to top button