ТАЛАБ ҚИЛИНИШИ ТАҚИҚЛАНГАН МАЪЛУМОТЛАР НЕГА СЎРАЛМОҚДА
Тасаввур қилинг, муҳим иш билан бир идора эшигини қоқдингиз, бир тўп одамлар қаторидан жой олиб навбатингиз келишини анчагача кутиб, ваколатли шахс билан юзма-юз бўлиб муддаони айтаркансиз қўлингизга бир қанча ҳужжатлар рўйхатини тутқазади. Ана энди яна ўнлаб эшиклар олдида вақт сарфлаб, ҳужжат йиғишингиз керак.
Эхее, ана шундай югур-югурлар билан бир кунда битиши мумкин бўлган юмушни ойлаб битказолмай юрганлар бу сарсонгарчиликни яхши билишади. Тўғриси, бу ҳолга тушмаганлар орамизда жуда кам топилса керак. Ана шу сингари овворагарчиликларни олдини олиш юзасидан сўнги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар бугун юртдошларимизнинг мушкулини осон қилмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарори фикримизга асос бўлаолади. Юқоридаги Қарорнинг 6-бандида 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлуб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш тақиқланган. Аммо, шунга қарамай давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан юқорида қайд этилган ҳужжатларни талаб қилиб фуқароларнинг ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида жами 13 минг 704 та ҳолатда маълумотномалар фуқаролардан талаб қилиб олинган. Шундан, 7 минг 719 таси, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, 4 минг 746 таси жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари ва 1 минг 239 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномаларни ташкил этади.
Хусусан, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни талаб қилиш бўйича туман(шаҳар) ҳокимликлари томонидан уй-жой ажратишда 57 та, ишга қабул қилишда туман тиббиёт бирлашмалари томонидан 42 та, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан 229 та, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаларини талаб қилиш бўйича таълим муассасалар томонидан ишга қабул қилишда 229 та, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан пенсияга чиқишда 154 та, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномаларни олиш бўйича фуқароларга уй-жой ажратишда 100 та, ишга қабул қилишда 17 та ҳолатда маълумотлар тўғридан-тўғри фуқаролардан сўраб олинганлиги маълум бўлди.
2019 йилнинг октябрь ойида фуқаро К.Ф.га давлат хизмати кўрсатиш жараёнида Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани марказий поликлиникаси масъул ходими томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома ноқонуний равишда талаб қилинган.
Бу ҳолат бўйича агентликнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан масъул ходимга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Ушбу қарорга асосан давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар мазкур ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ Халқ банки, молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасидан мустақил равишда фақат электрон шаклда сўраб олишлари белгиланган.
Энг ачинарли ҳолат, Агентлик томонидан мазкур қарор ижросини сўзсиз таъминлаш тўғрисида барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар расмий равишда огоҳлантирилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилаётган бўлсада, фуқаролардан ушбу ҳужжатлар такрор ва такрор талаб қилинаётганлигидир.
Ёки айрим идоралар ва уларнинг масъуллари учун эшиклари олдида фуқароларнинг турнақатор туриши, хоналарига қўлларини кўксига қўйиб илтимос билан кириши ҳузур бағишлайдими? Хуллас, айни жараёнда юртдошларимиздан ҳам фаоллик, ҳуқуқий саводхонлик ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўрганиш талаб этилади.
Зиёдулла Ортиқов,
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси