КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШИШДА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Шундан кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган учта қонун, бешта Президент фармони, еттита Президент қарориқабул қилинди. Бу қонун ва қонуности ҳужжатлари бугунги кунда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда кенгайтириш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Шу тариқа мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали курашиш, унинг давлат, хўжалик бошқаруви органларининг нормал фаолият юритишига салбий таъсири, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида демократик ўзгартиришларни амалга ошириш, давлат хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашни таъминловчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда Конституциямизга асосланган норматив-ҳуқуқий база яратилган. Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилган.
Коррупцияга қарши курашишда, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар ҳамкорлиги долзарб аҳамиятга эга. Биз бирлашсак, албатта, коррупциянинг зарарли оқибатларини тушунтириш-тарғибот қилиш, аҳоли билан юзма-юз гаплашиш, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш орқали халқимизда коррупция иллатига нисбатан муросасизлик муносабатини қарор топтиришга эришамиз.
Мухтасар айтганда, жамиятимиздаги иқтисодий-ижтимоий ва маънавий муҳитга салбий таъсир ўтказадиган, тараққиётимизга тўсиқ бўладиган коррупцияга қарши муросасиз курашишда барчамиз бирдек масъулмиз.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров



