Madaniyat

Гиёҳвандлик — жамият тараққиётига таҳдид

Бугунги кунда инсоният фан ва технология соҳасида улкан ютуқларга эришмоқда. Бироқ тараққиёт билан бир қаторда жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бири гиёҳвандликдир. Бу иллат нафақат бир шахснинг, балки бутун оила ва жамиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳвандлик инсон соғлиғини емириб, унинг жисмоний ва руҳий ҳолатини издан чиқаради. Наркотик ва психотроп моддаларга қарамлик инсонни иродасиз, масъулиятсиз ва бефарқ ҳолатга солиб қўяди. Оқибатда меҳнат қобилияти пасаяди, ижтимоий муносабатлар бузилади ва жиноятчилик хавфи ортади. Айниқса, ёшлар орасида бундай иллатнинг тарқалиши келажак авлод тақдирига жиддий таҳдид туғдиради.
Халқаро миқёсда гиёҳвандликка қарши курашиш масаласи доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. БМТ ташаббуси билан 26 июнь “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” сифатида белгилангани ҳам бу муаммонинг долзарблигидан далолат беради. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва халқаро конвенциялар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши самарали чоралар кўриш имконини беради.
Мамлакатимизда ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуни мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, жиноят ва маъмурий қонунчиликда гиёҳванд моддаларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва тарқатиш учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Айниқса, интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ёки реклама қилиш каби ҳаракатларга қарши жазо чоралари кучайтирилган.
Бироқ муаммони фақат жазо чоралари билан ҳал этиб бўлмайди. Энг муҳим омил — профилактика ишларини кучайтиришдир. Ота-оналар, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ва жамоат ташкилотлари ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириши, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиши зарур. Спорт, маданият ва маънавий-маърифий тадбирлар орқали ёшларнинг онгида гиёҳвандликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, гиёҳвандликка қарши кураш — умуммиллий вазифадир. Давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро биргаликда ҳаракат қилган тақдирдагина ушбу иллатнинг олдини олиш ва соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Back to top button