Қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний амалга оширишида кўмак беради.
Хусусан, 2026 йил 7 май куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1144-сонли Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига уларни ўзаро мувофиқлаштириш, ҳаволаки нормаларни тизимлаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш механизмларини ҳамда интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ҳамда комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни комплекс экспертизадан ўтказмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-8-моддаси учинчи қисмининг диспозицияси «қарор қабул қилиш» деган сўзлардан кейин «шунингдек комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим бўлган давлат харидларини амалга ошириш бўйича тўғридан-тўғри шартномаларнинг комплекс экспертизадан ўтказилишини таъминламаганлик» деган сўзлар билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 175-8-моддаси учинчи қисмида, “Товарларни, ишларни ва хизматларни етказиб берувчиларни тендер ўтказиш йўли билан аниқлаш талабларини бузиш, шунингдек давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ товарларни етказиб берувчини, иш бажарувчини ва хизмат кўрсатувчини рақобатли харид усули воситасида аниқлаш белгиланган ҳолларда, давлат харидларини ягона етказиб берувчидан ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб белгиланган эди.
Қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиб бориш қонунларга риоя этган ҳолда яшайдиган ҳар бир фуқаро учун фойдадан ҳоли бўлмайди.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси



