Madaniyat

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 68-моддасида, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир, деб таъкидланган.

Мамлакатимизда табиий ресусрлардан фойдаланиш тартиби, уларни муҳофаза қилувчи ҳуқуқ нормалари ишлаб чиқилган бўлиб, ушу нормалар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексида мустаҳкамланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 72-моддасида “Сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш” деб кўрсатилиб, унга кўра сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, шунингдек сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузиш —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Корхоналар, коммунал ва бошқа объектларни сувларнинг ифлосланиши ва булғаниши ёки уларнинг зарарли оқибатлари олдини олувчи иншоотлар ва қурилмаларсиз фойдаланишга топшириш, шунингдек сув объектларининг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатлар қилиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини ва технологиясини бузиш (бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун ер ости сувларини якка тартибда олишга мўлжалланган қудуқларни қазиш ҳоллари мустасно), ишлатилаётган ва кузатув қудуқларини йўқ қилиб юбориш ёки шикастлантириш, сув ўзи чиқадиган қудуқларни уларни тартибга соладиган қурилмалар билан жиҳозлашга, шунингдек ишлатишга яроқсиз қудуқларни консервациялашга ёки йўқ қилишга доир чораларни кўрмаслик, сифатли ер ости сувлари ҳосил бўладиган теграда ер ости сувлари ифлосланишининг ёки сифати ёмонлашишининг манбаи бўлиб қолиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги иншоотларини ва бошқа объектларни жойлаштириш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур кодексда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш, сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларини шикастлантириш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ҳам белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, ушбу ресусрлардан ноқонуний фойдаланиш оғир оқибатларга олиб келинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XIV бобида кўрсатиб ўтилган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар” каби моддий ҳуқуқ нормалари билан жавобгарликка тортилади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасидаги барча ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар давлатнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланиб, улар давлат муҳофазасидадир. Ушбу норма бош қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланган.

Вилоят судининг

судья катта ёрдамичиси                                             

Б.Нормуродов

Related Articles

Back to top button