“Илм билан парвоз қилган қизлар”

Орзунинг бошланиши
Тасаввур қилинг: бир қиз боланинг орзуси — НАСАда муҳандис бўлиш. Аммо унинг олдида ягона тўсиқ — “Қиз бола юртидан чиқмасин” деган эски қараш. Бу ҳолат бугунги глобаллашаётган дунёда қандай тўғри келади?
Илм — эркинлик сари йўл
Бугунги кунда илм-фан, технология ва инновациялар тез суръатларда ривожланмоқда. Аммо шунга қарамай, айрим жамиятларда ҳали ҳам қиз бола хорижда ўқиса, йўлдан озади деган нотўғри қараш мавжуд. Аслида эса, билим олиш, дунёқарашни кенгайтириш ва халқаро тажрибани ўрганиш ҳар бир инсон, айниқса, ёш қизлар учун жуда муҳимдир. Тарих кўрсатадики, илмли аёллар жамият ривожига катта ҳисса қўшган. Масалан, Мария Кюри кимё соҳасида инқилобий кашфиётлар қилган. Малала Юсуфзай эса қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи учун курашиб, дунё миқёсида ўз сўзини айта олган. Уларнинг барчаси илм орқали жамиятда ўз ўрнини топган ва бутун дунёга фойда келтирган.
Кўплаб машҳур шахслар ҳам қизларнинг халқаро таълим олишини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Масалан, собиқ АҚШ президенти Барак Обама: “Қизларнинг таълим олиши – жамият тараққиётининг асосий мезони”, – дея таъкидлаган. БМТ собиқ Бош котиби Кофи Аннан эса: “Агар сиз аёлни ўқитангиз, бутун жамиятни ўқитган бўласиз”, – деб айтган. Бу фикрлар нотўғри қарашлардан воз кечиш зарурлигини кўрсатади.
Қанотимизни қайирманг – имкон беринг!
Қизларга халқаро таълим олиш имкониятини яратиш — уларнинг келажагини порлоқ қилиш, жамият тараққиётига ҳисса қўшиш демакдир. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, халқаро таълим олган аёллар жамиятнинг етакчи кучига айланиши мумкин. Шунинг учун юртидан узоқда ўқиса, ёмон йўлга киради деган фикрдан воз кечиб, қизларга ишонч билдиришимиз зарур. Биз баралла айтамиз: қизларга имкон беринг, қанотини қайирманг! Улар юксак марраларни забт этишга, жамиятни ривожлантиришга ва юртимизни янада улуғвор қилишга қодир!
Қизларнинг халқаро таълим олиши нафақат уларнинг ўзлари учун, балки бутун жамият учун катта аҳамиятга эга. Тарихий мисоллар, машҳур инсонлар фикрлари ва замонавий тажриба шуни кўрсатадики, таълим олган аёллар ҳар қандай жамият учун бебаҳо бойликдир. Келинг, бу борада бирлашайлик ва қизларга илм олиш имкониятини берайлик!
Хушбоқова Шаҳноза Шавкат қизи тайёрлади.
Ўзбекистон Болалар ташкилоти, Сурхондарё вилояти “Таълим” йўналиши сардори ҳамда Германиядаги Constructor University va Berlin International University of Applied Sciences талабаси



