Bu qiziq

Сочма ўқ билан овланган қушларни еса бўладими?

CАВОЛ: 

 

Мен овчилик билан шуғулланаман. Сочма ўқ билан овланган қушларни еса бўладими? Чунки сочма ўқларнинг учи тўмтоқ бўлади. Эшитишимча, ўқ учли, тиғли бўлиши шарт экан.

ЖАВОБ: 

 

Бу ҳолатда агар овчи отиш пайтида “Бисмиллаҳ …” деб отган бўлса ва қуш гўшти ҳалол қушлардан бўлиб, отилган ўқ таъсирида ўлса, гарчи сочма ўқ билан отилса ҳам, шубҳасиз ҳалол бўлади. Лекин ўқ теккан қуш тўғридан тўғри ерга эмас, балки бирор нарсага (масалан: тоғу-тошга, ёки қаттиқ жисмга) урилиб тушса, ёки сувга тушса бу ҳолатда ўқ таъсирида ўлмай, аксинча қаттиқ урилиб ёки сувга тушиб ўлган бўлиши эҳтимоли борлигидан ҳалол бўлмайди. Чунки фиқҳий қоидага кўра гўшт борасида ҳалол ҳаромлиги аниқ бўлмаса, эҳтиётан ҳаромлиги олинади. Шом диёрида яшаб ўтган машҳур ҳанафий олим, аллома Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Ҳамзовийнинг “Фатвол ҳавос фи ҳилли ма сийда бирросос” китобида шундай келтирилган:

“Шариатга мувофиқ сўйиш имкони бўлмаган пайтда овнинг ҳалол бўлиши учун талаб қилинган нарса ҳайвон танасини тешиб ўтадиган, парчалайдиган ва ундан қон оқизиш имконини берадиган нарса билан қасдан жароҳат етказишдир”.

“Овланган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун талаб қилинган иш – қайси нарса билан бўлса ҳам ҳайвоннинг баданини тешиб ўтиш ва қон оқизишдир. Фуқаҳоларнинг “ўқ тиғли бўлсин” деган гапларидан ирода қилинган нарса айна мана шу. Яъни ўқ ҳайвон танасини парчалайдиган, тешиб ўтадиган ва қон оқизадиган бўлиши керакдир. Бу сифатлар ов милтиғининг одатий ўқида ҳам, сочма ўқида ҳам мукаммал даражада топилади. Шу сабаб ҳар иккала ўқ билан овланган гўшти ҳалол жонивор гарчи тирик топилмаса ҳам ҳалол бўлади». (198-бет).

Хулоса қилиб айтганда, Сочма ўқ билан шариат кўрсатмаларига мувофиқ тарзда ов қилинганда, ўша ов ҳалол саналади. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Related Articles

Back to top button