O`zbekiston

Жиззах ва Сурхондарёда туризм экспорти 65 миллион долларга, Сирдарёда эса 30 миллион долларга бормайди

Туризм қишлоқларини ташкил қилиш бўйича 3 йил олдин бошланган иш яхши самара бераётгани эътироф этилди.

Лекин, Тошкент вилоятида Корея тажрибаси асосида туризм қишлоғи қилиш ташаббуси қоғозда қолиб кетгани, Қашқадарё ва Жиззахда атиги 1 тадан туризм қишлоғи очилгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ва Сирдарёда ҳунармандчилик, Жиззах ва Фарғонада гастрономик туризм марказлари мавжуд эмас.

Шунингдек, Жиззах ва Сурхондарёда туризм экспорти 65 миллион долларга, Сирдарёда эса 30 миллион долларга бормайди.

Бирорта чегара пунктида юртимиз туризм салоҳиятини кўрсатадиган “туризм бурчаги” ташкил этилмагани танқид қилинди.

«Аҳолимиз ўртасида тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) оммалашмоқда. Лекин, турфирмалар бундай сайёҳлик маршрутига рухсат олишга 2-3 ой сарфлаяпти»,— деди Президент.

Мутасаддиларга рухсатномани Ягона интерактив портал орқали 10 кунда беришни жорий қилиш топширилди.

Президентимиз замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Туризм қўмитаси ҳокимликлар билан биргаликда 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича катта дастур тасдиқлайди.

Масалан, Сариосиё тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. Бу ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади.

Яна бир мисол, Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари билан машҳур бўлса-да, туман ҳокими янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, бор санаторияларга ҳам хорижий сайёҳ олиб кела олмаяпти.

Ёки, Мўйноқда ҳар йили ўтадиган “Стихия” мусиқа фестивалига келган сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш учун янги ташаббуслар керак.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 36 та туман ва шаҳар бўйича мастер режалар ишлаб чиқишни тезлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш топширилди.

Хорижий туристлар сонини ошириш масаласи кўриб чиқилар экан, “BBC”, “Euronews” каби нуфузли платформаларда, яна 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда туризм кенг тарғибот қилинаётгани таъкидланди.

Бу борада элчиларимиз иштирокида бошқа давлатларда ҳам тарғибот ишларини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Хитойнинг энг олис провинциялари, Гонконгдан ҳам сайёҳлар келишни бошлади. Ёки, Польшага авиақатновлар йўлга қўйилгани учун ушбу мамлакатдан сайёҳлар 7 карра ошди, бутун Шарқий Европадан турист олиб келиш имкони пайдо бўлди.

Францияга ташрифда 14 та янги замонавий “Airbus” самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилди, “Boeing” компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошланди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга бу имкониятдан унумли фойдаланиб, қаерга нечта рейс қўйиш ва қанча сайёҳ олиб келишни ҳозирдан ҳисоб-китоб қилиш топширилди.

Ўтган йили Мўғулистон билан туризм бўйича катта келишувга эришилгани ҳисобига сайёҳлар 100-200 нафардан 4 мингга ошди.

Кўрфаз давлатларида доимий саёҳат қиладиган 3 миллион аҳоли бор. Лекин уларнинг кўпи Озарбайжон, Грузия, Албания, Хорватия каби визасиз режим бўлган мамлакатларга бораяпти.

«Тўғри, бу давлатларга 10 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Лекин, бу муддат 30 кунга узайтирилса, сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш мумкин»,— деди давлатимиз раҳбари.

Россия ва Хитойнинг ҳудудлари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилгани учун инвестиция ва сайёҳлар оқими кескин ошди. Энди бу тажрибани кенгайтириб, Япония, Корея ва Европа давлатлари билан ҳам ташкил қилиш топширилди.

Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш, унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш вазифаси қўйилди.

Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” дастури орқали 100 минг зиёратчини жалб қилиш бўйича ишлар бошланган. Мутасаддиларга Куала-Лумпур ва Жакартадан Самарқанд, Бухоро орқали Жидда шаҳрига рейс қўйиш бўйича музокараларни жадаллаштириш топширилди.

Related Articles

Back to top button