Расман: энди ҳокимлар депутатларга бошлиқ эмас
Президент имзолаган Қонун билан янги Конституция нормаларига асосан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан:
➖ “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунидан вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланди;
➖ Ҳокимларга тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессиясига масалалар киритиш, зарурат бўлганда Кенгаш сессияси чақирилишини талаб қилиш ва тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш учун Сенатга ёки судга мурожаат қилиш ваколатлар берилди;
➖ халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланди;
➖ халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб қўйилди. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.