Банк карталарининг афзалликлари: нима учун улар фойдаланувчилар орасида машҳур?
Банк карталари ривожланишда давом этмоқда: мижозлар маълумотлари ва пул маблағларини ҳимоя қилиш янада яхшиланмоқда; нақд пулсиз тўловнинг янги усуллари пайдо бўлмоқда — смартфон, соат (ва ҳатто табассум билан!); телефон экранини бир неча марта босиш орқали банк операцияларига кириш имконини берувчи мобил иловалар ривожланиб бормоқда. Буларнинг барчаси карталарга турли хил афзалликларни беради:
Хавфсизлик. Пулни жисмоний йўқотиш хавфи йўқ. Йўқотилган нақд пулни қайтаришнинг деярли иложи йўқ, лекин карта йўқолса, уни блоклаш мумкин — пул эса ҳисобда қолаверади.
Тезлик. Харидлар учун тўловлар бир неча сония ичида амалга оширилади — пулни ҳисоблаш ва қайтимларни текширишнинг хожати йўқ. Банк карталари электр энергияси, интернет ёки таълим каби маиший хизматлар учун пулни касса ёки банк филиалига бориб вақт сарфламасдан, масофадан тўлаш имконини беради.
Глобаллик. Товарлар учун тўловларни онлайн амалга ошириш мумкин, шу жумладан, чет элдан буюртма бериш ҳам — бу маҳсулот ва хизматлар танловини янада кенгайтиради.
Мослашувчанлик. Операциялар 24/7 режимида ишлайди — картани хоҳлаган пайтингиз банк иш вақтидан қатъи назар ишлатишингиз мумкин.
Бошқарув. Пул оқими, ҳисобдаги қолдиқ, харидлар миқдори тўғрисидаги ҳисобот мобил илова ва интернет-банкда — истаган вақтда қўлингизда.
Фойда. Баъзи карталар харидлар бўйича кешбек, балансдаги фоизлар ва бошқа бонусларни олиш орқали қўшимча пул ишлаш имконини беради.
Юқорида санаб ўтилган барча имкониятларга эга бўлиш учун сиз тўғри банк картасини танлашингиз, уни очишингиз ва тўғри бошқаришингиз керак.