Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблаш бўйича янги биллинг тизими қачон ишга туширилиши очиқланди
Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистонда 1 августдан электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилади. Бу ҳақда Daryo нашри хабар берди.
Қайд этилишча, 11 июль куни “Ҳудудий электр тармоқлари”да ўтказилган матбуот анжуманида корхона бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев бу ҳақда гапирган. Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.
“Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади”, деди Ғайбуллаев.
Унинг айтишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган. Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб-рақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисоб рақами борлиги каби маълумотлар мавжуд бўлади. Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади.
“Умуман бошқа биллинг бўлади”, дейди Алвар Ғайбуллаев.
Бундан ташқари, тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилди. У орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, у “ақлли” ҳисоблагич билан таъминланганлик даражаси 90 фоизини ташкил этишини билдирди. Ҳудудларда 782 мингта “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда шундан 210 мингта абонент қолган.
“Бир нарсани айтиш керакки, мамлакатда 100 фоиз “ақлли” энергия ҳисоблагичлари ўрнатилди, деб бўлмайди, нимага деганда, йиллик ўсиш 2 фоизни ташкил этади: аҳоли кўпаймоқда, уй-жой қурилмоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Шундай экан, кўрсаткични 100 фоизга етказиб бўлмайди”, деди у.