Суднинг ҳал қилув қарори билан туғилганлик факти белгиланди
Аризачи Б.Х юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиб, аризада турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин ҳеч кими бўлмаган Б.Ф билан шаръий никоҳ асосида оила қурганлигини, ҳозирда уларнинг уч нафар фарзандлари бўлсада, онасининг туғилганлиги ҳақида гувоҳномаси бўлмаганлиги сабабли фарзандларига ҳам туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома ололмаётганлигини баён қилиб, ҳақиқатда турмуш ўртоғи Б.Ф1975 йилда у яшаб турган маҳаллада туғилганлиги фактини белгилаб беришни сўраган.
Аниқланишича, “Я.Й” МФЙ нинг далолатномасига кўра, ушбу маҳаллада яшовчи Б.Х 2012 йилда Б.Ф билан шаръий никоҳ асосида оила қуриб, уларнинг уч нафар фарзандлари бор. Б.Ф нинг туғилганлиги ҳақида гувоҳномаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли ушбу фарзандларига ҳам ҳужжат расмийлаштирилмаган.
Туман тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 07 августдаги маълумотномасига кўра, Б.Ф нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли ушбу ФИО билан касаллик тарихи очилган. Аммо, у ва унинг фарзандлари ҳақида электрон дастурга маълумот киритилмаган.
ФҲДЁ бўлимининг маълумотномасига кўра, Б.Ф нинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома 1972-2021 йиллар давомида мавжуд эмас.
ФҲДЁ бўлими томонидан Б.Ф нинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилмаганлиги сабабли Фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиб, суд ҳужжатига кўра туғилганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилиши кўрсатилган.
Шунингдек. Вилоят фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш архивининг 2021 йил 30 августдаги маълумотномасига кўра, Б.Ф ва унинг уч нафар фарзандлари туғилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 22-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.
Конституциянинг 55-моддасига кўра, Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандида, суд оталикни тан олиш (белгилаш) фактини, боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги фактини, шунингдек туғилган вақтини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси оила кодексининг 205-моддасига кўра болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши лозим.
Ишга жалб этилган ФҲДЁ бўлими судга маълумотнома тақдим этиб, ишни унинг иштирокисиз қонуний кўриб чиқишни ва ушбу ҳақида суднинг ҳал қилув қарори асосида фуқарога туғилганлиги ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилишини билдирган.
Юқоридагиларга кўра, аризачи Б.Х нинг турмуш ўртоғи Б.Ф га туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиб, фуқаро Б.Ф 1975 йил 15 июль куни туғилганлик факти белгиланди ҳамда мазкур вазифани бажариш ФҲДЁ бўлими зиммасига юклатилган.
Мазкур иш юзасидан суд томонидан иш ҳужжатларига илова қилинган далиллар, аризачининг аризада келтирилган важлари асосли эканлиги ўз тасдиғини топиб, ариза қаноатлантирилди.
Бинобарин, Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конститутция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлар ва эркинликларини таъминлайди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди раиси М.Э.Номозов