Ошиб бораётган жиноятлар хусусида
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2-моддасида, жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборат эканлиги белгиланган.
Сўнгги вақтларда, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари, хусусан, кредит маблағларининг талон-торож қилиниши билан боғлиқ жиноятлар ошиб бормоқда.
Хусусан, фуқаро Жовлиев Қобил (исм, фамилияси ўзгартирилган) ўзи раҳбар бўлган масъулияти чекланган жамияти номига “Пишган ғишт ишлаб чиқариш асбоб ускунаси ва кўмир маҳсулоти сотиб олиш” мақсадида, йиллик 20 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 36 ой муддатга АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Шўрчи филиалидан 1 млрд. 600 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ажратилган кредитнинг 1 млрд. 577,8 млн. сўмлик қисмини мақсадсиз ишлатиб, ўзига ишониб топширилган жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2023 йил
25 июль кунидаги ҳукмига кўра, Қ.Жовлиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 233-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов