Етказилган маънавий зарар белгиланган тартибида ундирилди!
Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 26-моддасига кўра, Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир.
Даъвогар Г.Т. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгарлар С.К. О.Р. ва Д.Р.лар томонидан содир этилган жинояти оқибатида етказилган зарар сифатида суддан 200.000.000 сўм моддий ва 300.000.000 сўм маънавий зарарни жавобгарлардан солидар тартибда ундириб беришни сўраган.
ЖавобгарСК суд мажлисида даъво талабини тан олмасдан, содир этилган қонунбузилиш ҳолати бўйича жиноят ишлари бўйича судининг ҳукми билан жазога тортилганлигини, Г.Т. ва унинг опаси қасддан ушбу ҳолатни келтириб чиқарганлигини, оилавий шароити оғир эканлигини, бошқа ушбу каби ҳолат такрорланмаслигини билдириб, даъво талаби асоссиз эканлигини баён этиб, даъво талабини рад этишни сўради.
Аниқланишича, С.К. О.Р. ва Д.Р.лар безорилик қилиш мақсадида бир гуруҳга бўлишиб, тумандаги мактабнинг залида жамиятда юритиш-туриш қоидалари ва одоб-аҳлоқ нормаларини қасддан менсимасдан, мактаб биноси жамоат жойи эканлигини яққол англаган ҳолда, жамият тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузган ҳолда фуқаро Г.Т. билан ўзаро жанжаллашиб, жанжал вақтида унинг баданининг дуч келган жойларига қасддан уриб-дўппослаб, унга “енгил” тан жароҳати етказишган.
Жиноят ишлари бўйича судининг 2023 йил 10 январь кунидаги ҳукми билан СК,ОР,ДРлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси, 2-қисми “б”-банди билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллция инстанциясининг ажрими билан мазкур суднинг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Шунга кўра даъвогар суддан жавобгарлардан етказилган маънавий зарарни ундиришни сўраган.
Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1021-моддаси 1-қисмига кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.
Жиноят оқибатида Г.Т. га етказган тан жароҳатлари натижасида Г.А. маънавий азобланиб, руҳий қийналган бўлиб, бу ҳолатлар жавобгарларнинг бевосита айби билан содир етилган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 138-моддаси 1-қисмида, ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб бериши белгиланган.
Юқорида келтирилган даъво талабига кўра, даъвогар Г.Т. нинг жавобгарлардан солидар тартибда маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгарлар С.К. О.Р. ва Д.Р.лардан солидар тартибда даъвогар Г.Т. нинг фойдасига 30.000.000 сўм маънавий зарар ва суд харажатлари учун тўланган 630.000 сўм, жами 30.630.000 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор.
Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат(ҳаракатсизлик) туфайли фуқарога етказилган маънавий зарарнинг ўрнини пул шаклида қоплаш институти ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди раиси М.Э.Номозов