Ошган жиноятлар хусусида

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Бироқ, сўнгги вақтларда бу тоифадаги жиноятлар баъзи жойларда кўпайиб, бундай воситаларни сотишни ўзига касб қилиб олганлар ҳам орамизда учрамоқда.
Хусусан, 2025 йил 8 октябрь куни Ж.Ннинг Термиз шаҳридаги вақтинча яшаш уйида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида, мазкур уйга киришда чап томонда жойлашган хонадаги қизил рангли целлофан пакет ичидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЭКБнинг судга оид кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, соф оғирлиги 646,55 грамм “опий”, 337,58 грамм “марихуана” ҳамда 79,6 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаларини келгусида сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб олинган.
Суд ҳукми билан Ж.Нга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан судланувчига тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




