Kasbim-faxrim

СУД ҚАРОРЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШ

Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Кейинги йилларда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида амалиётга татбиқ этилган ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

Бугунги кунда судларда иш ҳажми кескин ортганлиги баъзан ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келаётганлиги ҳам сир эмас.

Қолаверса, узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабабли мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда ушбу қонун билан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти (протести) бериш муддати 10 сутка этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдириляпти. Хусусан, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши судьяларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг девонхона мудири            З.Абдимуратов

Related Articles

Back to top button