Қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний асосларда амалга оширишида кўмак беради.
Хусусан, 2026 йил 4 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-1116-сонли Қонун қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилишини, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг рўйхатини хамда бундай техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўлланилиши муддатлари аниқ белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши қонунда белгиланди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 17-1-моддаси куйидаги мазмундаги биринчи қисм билан тўлдирилди:
«Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ушбу Кодекс 125-моддасининг биринчи (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмасликка оид қисмида), бешинчи ва олтинчи қисмларида, 128 (бундан ушбу модданинг йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгиланган талабларга риоя этмасликка, ташки ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузишга, йўловчиларга ёки пиёдаларга лойқа сачратишга оид қисмлари мустасно), 128-1, 128-3, 128-4, 128-5, 128-6, 128-7, 128-9, 128-10, 129 ва 130-моддаларида, 135-моддасининг иккинчи (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга тааллуқли қисмида) ва учинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилади».
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 24-1-модда киритилган бўлиб, ушбу модда “Маъмурий огоҳлантириш” деб номланади. Ушбу моддада;
“Маъмурий огоҳлантириш маъмурий жазо чорасини кўллашга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдан иборатдир.
Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) равишда қўлланилади.
Маъмурий огоҳлантириш ушбу Кодекс 125-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 128-1, 128-2, 128-6, 135-1-моддаларида хамда 138-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, маъмурий жазо чорасини кўллашга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қўлланилади.
Маъмурий огоҳлантириш жазо чораси айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас» деб белгилаб қўйилди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 36-моддаси куйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:
«Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда эса ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин».
Бундан ташқари, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бошқа тегишли моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси




