Madaniyat

ЙИҒЛАМАЙ ДЕЙМАНУ ЙИҒЛАМАЙ БЎЛМАС

ЙИҒЛАМАЙ ДЕЙМАНУ ЙИҒЛАМАЙ БЎЛМАС

ЁХУД “ЁЛҒИЗ АЁЛ” МЕДАЛ ЭМАС

Ўзи аслида ҳар замон ҳар замонда маҳаллаларни кезиб, аҳоли, айниқса уйда ўтирган аёллар билан суҳбатлашишга одатланганман. Улар билан суҳбатлашиш асносида, кўнглига қўл солиб, яшаш тарзини, ҳаётдаги мақсадию ўй-ҳаёлларини сўрашга чоғланаман.

Оилаларни ўрганиш, фуқаролар билан суҳбатлашиш мақсадида ишчи гуруҳ вакиллари билан йўлим кесишиб, аёллари билан яна суҳбатлашишга бел боғладим.

… Мажнунтол дарахтлари экилган, аммо уй томон бошлаб бориладиган йўл бир аҳволда. Йўқ, сиз ўйлаганчалик, йўллар таъмирталаб эмас, жуда чиройли асфальт қилинган. Фақат йўлакларга кул тўкилган. Ёқилган ўтинларнинг бўлаклари қолиб кетган. Адашмасам, хонадон вакиллари яқин уч кун аввал кераксиз нарсаларни ёқиб юборгану, йиғиштиришга улгурмаган.

-Асссомолайкум. Кккелинг. Онам аллақачон ваф…ваффффот этиииббб кетган, — дейди бизга пешвоз чиққан қиз. – Отам жуда кўппппаалла ичади. Мени қувганда акам билан яяяянгамни хонасига ққққочибббб кираман. Яяяянгам яхши. Менга тухууууум пишириб беради. Вой сссизлар ҳам тухуууум олиб келибсссизларда. Мен тухуууумни яхши кўраман. Бббилсангиз, отам мени сссўкади. Жаҳлиммм чччиққанда мен ҳам қайтариббб сссўкккааман.

Ёши тахминан 24-26 ёшлар атрофидаги, гапиришда нуқсони бўлган қиз жуда кўп нарсаларни айтди. Қалби дарё бўлган ҳамроҳим, эринмасдан қиз билан суҳбатлашди. Ундан кундалик ҳаётини, отаси, акаси, янгаси ҳақида сўраганда, синглиси ҳақида ҳам айтиб ўтишни унутмади.

-Менкууу, кассссалман. Аммо ссссинглим кечааа менга чиройли кўйлак ооолиб бердииии. Энди тўйга киййиииб бораман. Кетиб қолмасангиззз, кўйлагимни сссизга ҳам кўрсатаман. Ҳҳҳҳоооозир.

Рўмоллари бир томонга қийшайган, юрганда ҳам бироз камчилиги сезилиб турадиган қиз синглиси олиб берган кўйлайни кўрсатар экан, “Ссссизларга берррмайман, беермаййман лекин. Бу мениккки, ммменики” дея кўйлакни маҳкамроқ қучоқлаб олди….

Тўғри, биз тарқатган озиқ-овқат маҳсулотлари, совға саломларга аслида уларнинг эҳтиёжи йўқдир. Аммо… икки қаватли уй. Иккинчи қаватидаги дераза ва эшик ромларнинг яқиндагина қўйилганлиги шундоққина кўриниб турибди.

-Мен ҳам ёлғиз аёлман. Тунов куни ҳокимга уй қуриб бериши кераклигини айтиб, мурожаат қилгандим. Аммо уч кундан буён жимжитлик.

-Турмуш ўртоғингиз қаерда, нечта фарзандингиз бор, — дейман аёлга юзланиб.

-Турмуш ўртоғим ҳам болам ҳам йўқ. Онам билан яшайман. Ака-укаларим ўзи билан ўзи овора. Улар менга ёрдам беришолмайди. Ёлғиз аёл бўлганим учун менга ҳам ҳокимият уй қуриб берса бўларди. Агар қуриб бермаса, “юқорига чиқаман”. Ана ундан кейин ўзидан кўрсин. Мен…

-Хуш келибсизлар, уйга кирингизлар. – бўйлари пастгина, имконияти чекланган аёлнинг овози суҳбатимизни якунига сабаб бўлди. – Бекорга овора бўлибсизларда. Ҳамма нарсамиз бор эди. Баракат топишсин, кунда кунора маҳалламиз, туманимиз раҳбарлари хабар олиб туришади. Яқинда ҳам туғилган кунимга ҳам бир дунё совғалар билан келиб кетишди. Раҳмат…

Ишчи гуруҳи вакили билан кейинги манзил сари юрдик. Беш бармоқ бир хил бўлмаганидек, кимдир эътибордан мамнун, яна кимдир таҳдид қилиш билан овора. “Ёлғиз аёл” номини кўксига медал сингари тақиб олган аёлларимиз  бу сўзнинг маъносини билишармикан. Аслидачи, аслида ёлғиз аёл нима дегани. Ёлғиз аёл деганда кимни тушуниш керак. Турмуш ўртоғи вафот этган аёл ёлғиз аёл бўлса, турмушидан ажрашган ҳам ёлғиз аёл бўлса…

Бир вақтлар аниқроғи, эндигина мактабни тамомлаётган вақтларимда икки қишлоқ нарида яшайдиган 19 ёшли қизнинг фарзандли бўлиб қолгани, фарзандини эса отаси номаълумлиги хақидаги хабарни эшитганимизда, кўзойнак ёрдамида тинмай китоб варақлайдиган бувимнинг гаплари ёдимга келди.

-Эссиз, энди у ёлғиз аёл бўлиб қолди. Фарзандининг ҳам отаси номаълум. Нима бўлганда ҳам отаси топилсинда. Фарзанд учун ҳам она учун ҳам отасининг номаълумлиги бу фожеа, жуда оғир фожеа. Ёлғиз аёл номини кўтариб юриш осон эмас. Унинг юки жуда-жуда оғир.

Эндичи, энди аёллар учун ёлғиз она сўзи гўёки мақтов ёрлиғдек. Уларга кўксига нишондек тақиб олган ёлғиз она сўзининг қанчалик оғирлигини, унинг маъноси тошнида ёриб юборишини тушунтириш вақти келди шекилли. Шу ўй-ҳаёлларда идорага кириб келар эканман, эшигим ёнида турган одмигина кийинган, истаралигини аёл билан суҳбатлашдим.

-Эҳ синглим, ҳаётда жуда қизиқ воқаелар бўларкан. Эшитиб, кўрганингизда ҳайрон бўларкансиз. Буни қаранки, россияга ишга кетганимдан фойдаланиб, баракат топкурлар турмуш ўртоғимни уйлантириб қўйишибди.

-Нима? Вой тавба? Шунақаси ҳам бўларканми? Сиз ўзи қайси маҳаллада яшайсиз? Россияга нега, ким орқали кетгансиз. Қолаверса, ажрашишга сабаб бўладиган хулоса хати осонликча берилмайди. Ўйлаб гапиринг, — дейман аёлга бошдан оёқ разм соларканман.

-Э нимасини айтай синглим. Ўтган йили маҳалламиз раисининг тавсияси билан бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Россия давлатига қонуний равишда ишда кетгандим. У ерда ишлаш ҳам осон бўлгани йўқ. Фарзандларим, юрт соғинчи қалбимни чок-чокидан ситиб юборди. Қизимнинг никоҳ туйида ҳам иштирок этолмадим. Бошқа бир аёлга уйланиб олган турмуш ўртоғим эса 10 ёшли ўғлимни ҳам мендан беркитиб юрибди. Турмуш ўртоғимнинг тайинли иши бўлмагани учун оиламни, фарзандларимнинг бекаму кўст ўсиб-улғайиши учун мусофирчиликда ишлаб келсаму, турмуш ўртоғим мендан юз ўгирса. Эҳ, нимасини айтай. Фарзандисиз, уларнинг шодон кулгусини кўрмасдан яшаш она учун осон эмас…

Албатта, ҳаёт жуда мураккаб ва синовли. Турфа тақдирлар, турли хилдаги инсонларга дуч келасан киши. Синовли кунлар ҳеч бир инсонни четлаб ўтмайди. Синовга дош беролмаслик мунис ва мукаррама аёлларимизга “ёлғиз аёл”, “ёлғиз она” ман дейиш имконини бермайди. Зеро, синовларни енгиб, меҳнати ортидан оиласи ва фарзандларининг шодон кулгусини кўриб яшаш ўзгача бахт шундай эмасми?!

Нигина ШОЕВА

Журналист.

Related Articles

Back to top button