Яхши янгилик: Автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим олиб ташланди
Кучга кирган 2022 йил бюджетидан Автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим олиб ташланди.
Шу кунгача Янги (фойдаланишда бўлмаган) автотранспорт воситалари бўйича харид қилиш нархининг 3 фоизи миқдорида (агар автодилерларнинг инсофи бўлса энди янги автомашиналар ҳам 3 фоизга арзонлашиши керак);
Фойдаланишда бўлган автотранспорт воситалари бўйича эксплуатация муддатидан келиб чиқиб, ҳар бир от кучига 11 фоизгача йиғим ундирилар эди (халқ тилида ГАИга тўланадиган йиғим).
Истеъмолчиларга қарши жазоловчи ва монополист Ўзавтомоторсни қўлловчи тарзидаги бу йиғим миқдори баъзида эски автомобиллар нархининг ўзидан ҳам қиммат бўлиб кетарди ва ўзбекистонликларнинг автомобиль олди-сотдисини расмийлаштиришдан кўра, ишончнома асосида битим амалга оширишдан ўзга чораси қолмасди.
Айтиш жоизки, бу бўйича Бюджет кодексига киритилган тегишли ўзгартиришлар ҳали очиқлангани йўқ (Президент имзолаган бўлиши мумкин).
Яна бир гап. Автомобил олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъий назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланиш режалаштирилган (ҳали кучга киргани йўқ).
Шундай қилиб, автомобиль олди-сотди шартномаларини ЙҲХБдан рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар бекор қилинди (эртагаёқ ЙҲХБга боришга сал шошмай туринг, бизга ҳужжат етиб келмади ёки Бюджет кодексига ўзгартириш киритилмади дея пайсалга солишлари мумкин).
Халқ томон юриш дея баҳоланган ушбу эзгу иш учун кам сонли бўлсада сайланган депутатларга ва бюджет жараёнига алоқадор бошқа барча халқпарварларга ташаккур билдириш керак бўлади.