Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жорий йил 11 майда давлатимиз раҳбарининг “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда мазкур соҳани муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш белгиланди.
30 сентябрда яна бир муҳим ҳужжат – “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони қабул қилиниб, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо, туризм, транспорт соҳалари учун берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Тадбиркорлар билан учрашувларда айтилган муаммолар ҳал этилди.
Жорий йилда жами 18 триллион сўмлик 29 мингта лойиҳа амалга оширилиб, хизматлар соҳаси 20 фоизга ўсган. Лекин, 5 та туман ва шаҳарда ўсиш суръати кам бўлган. Умуман, жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Шу боис йиғилишда хизматлар соҳасини кенг ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари бу борада ҳар бир ҳудудга алоҳида ёндашув зарурлигини таъкидлаб, аниқ мисоллар келтирди. Туман ва шаҳарларнинг аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, 3 та йўналиш белгиланди.
Биринчи йўналиш – хизматлар соҳасини 158 та туманда ривожлантириш.
Хусусан, сайёҳлик масканлари бор 45 та ҳамда тоғли ҳудуддаги 40 та туманда туризм хизматлари кўпайтирилади.
Масалан, Шаҳрисабз туманининг Наврўз, Мираки, Оқдарё ва Ҳисор қишлоқларига йилига 500 мингга яқин саёҳатчилар келади. Агар шу ҳудуддаги 65 километр йўл таъмирланиб, интернет ва мобиль алоқа яхшиланса, хизматлар ҳажми 3-4 баробар ошиши мумкин. Натижада меҳмон уйлари, савдо ва овқатланиш шохобчалари очилиб, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбари бундай туманларни зарур инфратузилма билан таъминлаб, ерларни тайёр лойиҳа билан аукционга чиқариш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этиш, меҳмон уйлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Қайд этилганидек, саноати ривожланган 27 та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади.
Қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда умумий хизматлар билан бирга, замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.
Масалан, Қамаши туманида Агрохизматлар маркази, хусусий ветеринария корхоналари ташкил этилади. Туман марказида 200 тонналик совуткичга эга “Экобозор” қурилади ва мингта иш ўрни яратилади.
Туман ҳокимларига Қамаши мисолида шундай дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Маълумки, келгуси йил 21 та туманда 10 минг оила учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу ҳам сервис ва савдони ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди.
Чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда халқаро автомагистрал ва темир йўл ўтган 100 та туман савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилади. Шу боис мутасаддиларга йўл бўйи хизматларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, қўшни давлатлар билан чегара пунктлари ва уларга борадиган йўлларда сервис инфратузилмасини тубдан яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Умуман, мазкур 158 та туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 300 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Иккинчи йўналишда 29 та ўрта ва йирик шаҳар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади.
Бу борада кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидан самарали фойдаланиш, енгил конструкцияли объектлар учун ер участкаларини аукционга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
Шаҳарларда аксарият мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўринлар етишмаётгани сир эмас. Шу боис хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтириш, мактаб ва боғча қуриш учун ер майдонларини ажратиш бўйича вазифалар белгиланди.
Тошкент вилояти тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда ёшларни замонавий хизматларга ўқитадиган IT-академиялар ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Умуман, мазкур 35 та шаҳар ва туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Учинчи йўналишга кўра, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Мисол учун, пойтахтимизнинг Сергели туманидаги ер усти метроси атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш имконияти бор. Ёки рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган “санъат кўчалари” ташкил этиш мумкин.
Мутасаддиларга музейлар фаолиятини яхшилаш, кўргазмаларини кенгайтириш ва туристлар учун янги йўналишлар очиш юзасидан кўрсатма берилди.
Яна бир масала – Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда “Такс фри” тизимини жорий этиш, шаҳар ичида “Дюти фри” дўконларини очиш орқали чакана савдо ҳажмини янада ошириш мумкин. Шу боис хорижий меҳмонларга харидлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизимини барча туристик шаҳарларда йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Умуман, Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган.
Келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилиши белгиланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.