O`zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди

Жорий йилда мамлакатимиздаги сув омборларида ўтган йилга нисбатан кўп сув йиғилгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари бу ҳолат хотиржамликка берилмаслик лозимлигини қайд этди.

Дунёда бир вақтлар чўл бўлган ҳудудларда ёғингарчилик кўпайиб, бошқа жойларда қурғоқчилик кенгайиб бораётган шароитда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва каналларни бетонлаш бўйича танланган йўл тўғри бўлгани таъкидланди.

Биргина 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани ҳисобига 200 минг гектарда сув яхшиланди, йилига 450 миллион куб метр сув иқтисод бўлаяпти.

Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туман даражасида сувни ҳисобга олиш тизими шаклланди, фермерлар сувни ҳисоб-китоб қилишни ўрганди. Шаффоф тизим туфайли бу йил ерга 2 карра кўп сув борди, яна 6 миллиард куб метр сув ҳисоби жой-жойига қўйилди.

Йиғилишда соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 2-3 баробар юқори.

Охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялар модернизация қилинди.

Лекин, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарёда ўрта ва майда эскирган насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетмоқда.

Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10-15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда йўқотишлар республикада энг юқори.

Ноябрь-март ойлари каналларни бетонлаш учун энг қулай вақтлиги таъкидланди. Ҳали 18 минг километр магистрал ва 94 минг километр ички каналларни бетонлаш зарур.

Каналларда йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотилаяпти. Бу – Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарёнинг бир йил ишлатадиган сувига тенг.

Шу сабабли келгуси йилда бетонлашга 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Масъул идораларга 66 та магистрал канал лойиҳаси ва экспертизасини якунлаб, қурилиш ишларини тез фурсатда бошлаш, бунга арзон цемент етказиб беришни ташкил қилиш топширилди.

Умуман, ҳокимлар олдига фермер ва кластерлар билан биргаликда 1 апрелгача 15 минг километр ички ариқларни бетон қопламага ўтказиш вазифаси қўйилди.

Мутасаддилар ҳар бир каналга ажратилаётган ҳар бир сўмни мақсадли, тежамкорлик билан тўғри ишлатиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Фермер хўжаликларида 1 минг 700 та насос йилига 1 миллиард киловатт электр сарфлайди.

Уларга электр харажати учун бу йилги бюджетда 170 миллиард сўм субсидия режа қилинган эди. Келгуси йил бунга яна 250 миллиард сўм ажратилмоқда.

Масалан, хоразмлик 92 нафар деҳқон замонавий насос ўрнатиб, электрни 20 фоиз тежаяпти. Қуёш панели ўрнатиш ҳисобига эҳтиёжидан ортган электрни давлатга сотиб, ойига қўшимча 7-8 миллион сўм даромад олаяпти.

Хоразм тажрибасини кенгайтириш мақсадида электр харажати учун субсидияни насосларни янгилаш ва қуёш панеллари ўрнатишга боғлаш кераклиги қайд этилди.

Ушбу тажриба асосида ҳар йили 1000 тадан фермерни янги тизимга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим масала – баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиб, суғоришда ишлатиш лозим.

Масалан, Қўшработ туманининг “Хонназор”, “Чорлоқ”, “Қўрғон”, “Шовона” ва “Қийқим” маҳаллаларидан ўтган сойдан йилига 36 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетади.

Бу ерда кичик сув омбори қурилса, 2,5 минг гектар ерни ўзлаштириш, янги ерларни интенсив сабзавотчилик учун аҳолига бериб, 4 минг ишсизни банд қилиш ва 600 та оилани камбағалликдан чиқариш мумкин.

Бундай сел сув омборларини Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Фарғонадаги яна 9 та туманда барпо қилиб, 50 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш имкони бор.

Шу муносабат билан мутасаддиларга 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлаш топширилди.

Президент сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли – рақамлаштириш эканини таъкидлади.

Насос станцияларига 1,7 мингта “онлайн” назорат қурилмаси ва 12 мингта “ақлли сув” қурилмаси олиб келинган. Лекин улардан олинадиган маълумотларни жамлаб, таҳлил қиладиган ахборот тизими йўқ.

Шу боис, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади. Ушбу марказ сув истеъмоли ва уни ҳисобини юритишнинг ягона ахборот тизимини ишга туширади.

Ҳозирда сув солиғидан тушумнинг 40 фоизи туман сувчиларида қолмоқда. Лекин, 27 та туманда ундирилган сув солиғидан маблағ сув етказиш хизматларига ўтказиб берилмаган. Вилоят ҳокимликларига бир ҳафтада ушбу камчиликни бартараф қилиш топширилди.

Молия вазирлигига бундан буён сув солиғидан тушум бюджет ва сувчилар ўртасида автоматик равишда тақсимланишини таъминлаш топширилди.

Йиғилишда соҳа мутасаддиларининг ҳисоботлари, фермер хўжаликлари раҳбарларининг таклифлари тингланди.

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button