Гиёҳвандлик — жамият ва келажак учун жиддий таҳдид

Гиёҳвандликни инсоният генофондигасолаётган хавфи ҳозирнинг долзарб муаммосиэканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу офатга қарши айнипайтда халқаро миқёсда мислсиз кураш олибборилмоқда. Гиёҳвандлик воситалари — махсус рўйхатга киритилган ҳамда Ўзбекистон Республикасида қатъий назорат остига олинган, табиий ёки синтетик келиб чиқишга эга моддалар, уларни ўз ичига олган препаратлар ва айрим ўсимликлардир. Психотроп моддалар эса инсон руҳий ҳолатига таъсир қилувчи ва давлат томонидан назорат қилинадиган кимёвий моддалардир. Шунингдек, прекурсорлар деб, айнан шу турдаги моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган ёрдамчи кимёвий воситаларга айтилади.
Бугунги кунда таълим муассасалари — мактаб, лицей ва коллежлар, шунингдек маҳалла ва меҳнат жамоаларида гиёҳвандликнинг зарарли оқибатларини тушунтиришга қаратилган тарғибот ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Бу орқали айниқса ёшлар онгида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва зарарли одатларга нисбатан салбий муносабатни кучайтириш мақсад қилинмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича миллионлаб инсонлар гиёҳвандликка қарам бўлиб қолган бўлиб, уларнинг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Энг ачинарлиси, бу иллат туфайли ҳар йили кўплаб инсонлар ҳаётдан бевақт кўз юмади. Гиёҳвандлик нафақат инсон саломатлигига, балки унинг оиласи, жамиятдаги ўрни ва келажагига ҳам жиддий зарар етказади.
Мазкур иллатнинг оқибатлари ниҳоятда оғир: соғлиқнинг издан чиқиши, оғир юқумли касалликлар (жумладан, ОИТС ва вирусли гепатитлар)га чалиниш, жиноят содир этишга мойилликнинг ортиши, оилаларнинг бузилиши ва фарзандларнинг ногирон туғилиши шулар жумласидандир. Кўпинча гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар эрта ҳаётдан кўз юмиши кузатилади.
Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.
Бу борада, аввало аҳоли, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;
-зарарли одатларга нисбатан мустаҳкам иммунитет ва онгли қарашни шакллантириш;
-ота-оналар томонидан фарзандларнинг тарбияси, муҳитини ва қизиқишларини доимий назорат қилиш;
-таълим ва жамоатчилик тизимлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган XIX боби “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” дея номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Бироқ жазодан кўра муҳимроқ жиҳат — бу иллатнинг олдини олишдир.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас. Бу — ота-она, устоз, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг умумий масъулиятидир. Зеро, ёшлар — юртимиз келажаги. Уларнинг соғлом, баркамол бўлиб вояга етиши эса барчамизнинг бевосита эътиборимиз ва ҳаракатимизга боғлиқдир.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
И.Абраев




