Фермер хўжалиги раҳбари маъмурий жазога тортилди
Айни кунда юртимизнинг аксарият ҳудудларида ғалладан бўшаган майдонларга иккинчи экин экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Лекин айрим жойларда ғалладан бўшаган майдонларни сомон ва бегона ўтлардан тозалаш жараёнида уларга ўт қўйиб юбориш ҳолатлари юз бермоқда.
Андижон вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Избоскан туман инспекцияси томонидан ана шундай ҳолатни содир этиб, экология, атроф-муҳит, қолаверса, аҳоли саломатлигига зарар етказаётган шахсларга нисбатан зарур чоралар қўрилмоқда.
Хусусан, Избоскан тумани Тиллабоев массиви “Алишер Тиллабоев” фермер хўжалигига тегишли бўлган 4 гектар ғалладан бўшаган майдондаги сомонпоя қолдиқлари ёқиб юборилганлик бўйича фуқаролардан келган маълумот зудлик билан жойига бориб ўрганилди. Ҳақиқатдан ҳам хўжаликда буғдойдан бўшаган майдон ўт қўйиб тозаланаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан фермер хўжалиги раҳбари А.Тиллабоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 245-моддаси 3-қисмига асосан, маъмурий чора белгилаш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Андижон вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ишлар доимий равишда олиб борилмоқда. Шу ўринда юртдошларимиз буғдойдан бўшаган майдонларни ёқиш билан нафақат ўзлари, балки ўзгалар соғлигига ҳам жиддий хавф солишларини, она табиатга эса зарар етказишларини унутмасликлари лозим.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА