O`zbekiston

Ижтимоий-маънавий муҳит ва тарғиботга эҳтиёж

Жамиятнинг маънавий соҳасидаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни унинг бошқа соҳаларига ҳам ўз таъсирини ўтказади.Халқимиз ишониб яшашга, келажака умид билан боқишга одатланган. Маънавий-мафкуравий мунасабатлар ана шу умид ва ишончни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда тарихнинг бурилиш даврларида ҳар қандай янгиликларни халқ онгига, унинг эртанги кунига бўлган ишончи, эътиқодига дахл қилмайдиган тарзда сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам кучли фуқаролик жамияти ва дунёвий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар тақдири кўп ҳолларда маънавият омилига боғлиқ бўлади.

Бу борада  2021 йил 19-январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамият ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масаласи бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавяи соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш , жамият ҳаётида мафкураваий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги хамкорликни кучайтириш буйича  таклиф ва гоялар илгари сурилди. Ушбу видеоселектор йиғилишида юртбошимиз томонидан: “Агар жамият танаси иқтисод бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга киришар эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси-бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси-аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, -деган фикрни билдириб ўтдилар.

Дарҳақиқат, агар аҳолининг ижтимоий онги ўзгармас экан, жамият ҳаётининг бирор соҳасини янгилаб бўлмайди. Шу боис кишилар бир-бирларини тарбиялашлари, ўзаро ахборот алмашиши, турли янгиликлардан хабардор бўлиб боришлари учун ҳам  ижтимоий-сиёсий ҳаётда азал-азалдан  маънавий тарғиботга эҳтиёж мавжуд бўлган. Тарғибот одамларда янги билим, туйғу, орзу-истакларни ҳосил қилиш, тўғри асосланган фикр, эътиқодни мустаҳкамлаш, нотўғри шаклланган қараш, янгилашни кўзда тутади. Айни учинчи Ренесанс даврини бошлаётган Ўзбекистон учун маънавий тарғиботга эҳтиёж янада ортиб бормоқда

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда  миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмаслиги, лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканлиги, ижтимоий-маънавий муҳит илмий асосда таҳлил қилинмаётганлиги ва бу борада бугунги кунда учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш, нуронийларни маънавий  тарбияга кўмаклашишга жалб қилиш,  жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашув шароитида, мамлакатимиз ўз тараққиётида янги демократик, фуқаролик жамияти барпо этаётган бугунги давр ўз хусусиятлари билан бир томонда жадал суръатлар асосида ривожланишни намоён этадиган бўлса, иккинчи томондан ҳар бир давлат учун ички ҳамда ташқи таҳдидлар юзага келаётганлиги билан характерланаяпти.

Йиғилишда  Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан  жаҳон майдонидаги сиёсий жараёнлар ва мамлакатимиздаги  ижтимоий-маънавий муҳит  таҳлил қилиниб, қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:

-яратилаётган Ўзбекистоннинг  мафкураси-эзгулик, одамийлик ва гуманизм ғояси бўлиши;

-“Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш;

-маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтариш;

-республика маънавият-маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

-марказ ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини кескин кучайтириш. Унинг фаолиятини илмий-тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишларида қайта ташкил қилиш;

-“Бир зиёли-бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчиларни ва таниқли зиёлиларни бириктириш;

-миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш, унинг тарбиявий таъсирини кучайтириш,  ёшларни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатиш, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантириш;

-Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш.

Бу устувор вазифалардан кўриниб турибдики, бугунги давр тарғиботи шахс билан жамият, жамият билан давлат, ўтмиш билан бугун, бугун билан келажак, демократия билан миллий давлатчилик, миллийлик билан умуминсонийлик, ахлоқ билан ҳуқуқ, иқтисод билан сиёсат, маърифат билан маънавият масалаларини ўзига хос ҳамда умумий жиҳатларини кенг халқ оммасига тушунтириш ҳамда улар орасидаги уйғунликни таҳлил этишга қаратилган, янги жамиятнинг янги мезонларини ўз вақтида аниқ, тўғри илғаб олишга йўналтирилган.

Мазкур анжуманда қўйилган долзарб масалалардан оладиган хулосамиз- мамлакатимизда тинчлик, осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш,  ҳозирги глобаллашув жараёнлари кескинлашаётган  бир даврда ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашиш, жамият аъзоларида турли вайронкор ғояларга нисбатан аёвсиз кескин муносабатни шакллантириш ҳамда барқарорлаштириш, шу орқали мамлакатимиз аҳолиси  ўртасида ижтимоий-сиёсий мувозанатни сақлаш, ёш авлодни   нафақат жисмонан соғлом, балки маънан баркамол қилиб тарбиялаш, миллий ғурур, миллий ифтихор, дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришдан иборат. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан “Бир зиёли-бир  маҳаллага  маънавий ҳомий” таклифининг берилиши  маънавий тарбияни ўзини-ўзи бошқариш органларидан бошлаш, маҳалла аъзоларини жаҳон майдонидаги сиёсий воқеликдан хабардор қилиб бориш, бу бўғинда халқимизга хос миллий урф-одатлар, қадриятларни сингдириш асосида, аждодлар меросини ўзлаштирган ҳолда миллий ғоя ва маънавият соҳасидаги билимларни ўрганишга берилган эътибордир.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган яна бир алоҳида  жиҳат шундаки,  миллий ғояни сингдиришда миллий тарихни ўрганиш, унинг тарбиявий таъсирини орттириш, мамлакатимизда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш масаласи бўлди. Бу шуни англатадики, миллий ғояни мустаҳкамлашда, маънавий дунёқарашимизни шакллантиришда, ташқи салбий таъсирларга қарши иммунитетни шакллантиришда бошқа фанлар қаторида тарих фанининг ўрни жуда муҳимдир.

Хуллас, ҳозирги даврга  келиб масофа билмас, ҳудуд билмас воқеликка айланган терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, сепаратизм каби ташқи таҳдидлар, зўравонлик, ахлоқий бузуқлик, оммавий маданият, эгоцентризм, космополитизм, коррупция, жиноятчилик, миллатчилик, лоқайдлик сингари ички мафкуравий-ғоявий таҳдидлар сиёсий, маънавий тарғибот-ташвиқот ишларини аҳоли орасида янада кучайтириш, унинг кўламини, илмийлигини, ҳаётийлигини оширишни тақозо этмоқда.

 Рустам Норлиев,  Термиз давлат университети фуқаролик жамияти кафедраси мудири, фалсафа фанлари номзоди

 Шоира Давлатова, Термиз давлат университети фуқаролик жамияти кафедраси катта ўқитувчиси

Related Articles

Back to top button