Экстремизм, сўкиниш, наркотик савдосига тарғиб ва бошқа қонунга зид изоҳлар назорат қилинади. Сайт ва блогерлар бундай изоҳларни ўчириши шарт бўлади
Интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юбориш тартиби қонун билан тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига қўшимчалар киритилди. Kun.uz’га маълум бўлишича, ҳукуматнинг 23 декабрдаги 807-сонли қарори билан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби тасдиқланган.
Унга кўра, тартибнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш имкони мавжуд бўлган ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.
Тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан ахборот ресурсларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланганда Марказ томонидан 24 соатдан кечиктирмасдан ахборот ресурслари эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.
Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади. Унда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурсининг номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади, тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади, шунингдек, қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.
Ахборот ресурси эгаси (блогер) хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек, бу тўғрисида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим.
Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот ушбу тартибнинг 6-бандида кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси томонидан олиб ташланмаса, у ҳолда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.