Madaniyat

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ёшлар парламенти аъзолари билан учрашди

Термиз туманидаги “Марварид” санаторийсида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимиз келажаги бўлган ўғил-қизларга зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ёшларга оид сиёсат давлатимиз белгилаб олган йўналишнинг устувор вазифаларидан бирига айланган мамлакатимизда соҳа оид 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор уларни демократик ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтмсодиётни ривожлантириш йили”да ташкил этилган Ёшлар парламенти ҳам келажагимиз ворисларининг манфаатларига таъсир этадиган муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалаларни ҳал этиш учун мустаҳкам кўприк, ишончли платформа вазифасини ўтамоқда.

–Сизлар воҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда энг яқин маслакдошим, кўмакчим бўласизлар, – деди вилоят ҳокими учрашувда. – Қонун ижодкорлигида ўз тенгдошларингиз иштирокини таъминлашда ёрдам берасизлар. Уларнинг ютуқ ва муаммоларини, фикр ва ғояларини ўртага олиб чиқасизлар. Ўйлайманки, бунинг учун етарли билим ва кўникмага эгасизлар. Янги йилдан бошлаб ҳар бир секторда ёшлар учрашувини йўлга қўйиб, ютуқ ва муаммоларни тинглаймиз. Истеъдодли ёшларни муносиб рағбатлантириб, муаммога дуч келган тенгдошларингизга ёрдам берамиз. Янги йилдан ёшлар манфаатларини ифода этишда сизларга катта ишончимиз бор.

Учрашувда Ёшлар парламенти аъзолари вилоятда тенгдошлари эришаётган ютуқлар, дуч келаётган муаммолар ҳақида фикр билдирди. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги васийлик ва ҳокимийлик, вояга етмаганлар ишлари комиссиялари фаолиятида мавжуд муаммолар, ўз бизнесини йўлга қўйиш учун ёш тадбиркорларнинг кредит маблағлари олиш, ёшлар парламенти аъзоларининг маҳаллий кенгашлар сессияларида иштирокини таъминлаш каби муҳим масалаларни ўртага ташлади.

Мактабларда китобхонликни янада юксалтириш учун тадбиркорларни жалб этиб, таълим муассасаларида енгил конструкцияли китоб, газета-журнал дўконларини очиш, мини технологияларни хориждан эмас, бевосита мамлакатимиздан харид қилишига кўмаклашиш, маҳалаларда хотин-қизлар масалалари билан ишлайдиган мутахассисларни психолог ёки шифокор касбига эга аёллардан саралаб қўйишни лавозим йўриқномасига киритиш сингари муҳим масалаларни илгари сурди.

Очиқ мулоқот якунида вилоят ҳокими Тўра Боболовга ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда кўрсатаётган ташаббускорлиги, воҳада ёшларга юксак этибор қаратилаётгани, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари фаолиятини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ёшлар парламенти раиси Ж.Бобоевнинг ташаккурномаси топширилди.

Related Articles

Back to top button