Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Хаджибаев Абдухаким Муминовичга мурожаат!!!
Мен Шўрчи тумани “Дўстлик” маҳалласида Президентимиз ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахслар учун қурилган уйда яшайман. ,Оиламизда уч нафар биринчи гуруҳ ногиронлари бор эди, улардан 1983 йилда туғилган Хидирова Қизларсора 2020 йил 27 октябр куни вафот этди. Шу куни “Тез тиббий ёрдам”га бир неча марта қўнғироқ қилдик, лекин “Тез тиббий ёрдам” машинаси келгунга қадар ногирон вафот этди.
Мен бир неча марта Шўрчи тумани Тиббиёт бирлашмасига I-гуруҳ ногиронлари 1988 йилда туғилган, асаб касалликлари бўйича оғир бемор Хидирова Дилором ва 1976 йилда туғилган Хидиров Холтуралар учун давлатимиз томонидан бепул бериладиган дориларни сўраб мурожаат этдим.
Шўрчи туман кўп тармоқли катталар поликлиникасига бепул дорилар учун даволовчи врачдан рецепт ёздириб олиб бордим. Мен поликлиникага 16 ноябр душанба куни борганимда, Поликлиника мудираси махсус рецептни олиб қолди. Бугун тўртинчи кундирки ҳалигача ногиронлар учун ёзилган дорилар берилгани йўқ.
Биринчи гуруҳ ногиронлари ҳалигча дори-дармонларни кутиб, оғриқдан азоб чекиб ётишибди. Уларнинг ҳар иккаласининг аҳволи оғир, Хидиров Холтуранинг кўзи оғриб ётибди, унинг устига узоқ вақт ётаверганидан орқа томонида ётоқ яраси ҳеч тузалмаяпти.
Президентимиз ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақида турли ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилмоқдалар, лекин Шўрчи тумани Тиббиёт бирлашмаси икки нафар биринчи гуруҳ ногиронларини дори-дармонлар билан таъминлаш ҳамон пайсалга солиб келинмоқда.
Ҳурматли Абдухаким Муминович, Сиздан Шўрчи тумани “Дўстлик” маҳалласидаги икки нафар биринчи гуруҳ ногиронларига ёрдам беришингизни сўрайман.
Назарова М.