Madaniyat

Туман ҳокими Бахтиёр ХУДОЙБЕРГАНОВнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!
Азиз дўстлар!
Авваламбор, барчангизни тарихий сана – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз бир йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлсангиз, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитинг, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутинг.
Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.
Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадами бўлди.
Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди. Мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди.
Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.
Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий:
“Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам”, деб ёзган эди. Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган.
Қадрли ватандошлар!
Барчамизга яхши аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир. Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактабларини ташкил этдик. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароит яратилмоқда.
Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Муҳтарам ватандошлар!
Сизларни ва бутун халқимизни ўзбек тили байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман.
Ўзбек тили – она тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори янада зиёда бўлсин!
Шундай бебаҳо бойлик соҳиби бўлган, уни ҳамиша асраб-авайлаб келаётган азиз халқимиз омон бўлсин!
Шўрчи туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button