Kasbim-faxrim

Шўрчида 80.000 парранда парваришлаётган жамият аъзолари озуқани бозордан сотиб олмоқдалар…

Тухум, парранда гўшти парҳез таомлар ҳисобига кирганлиги сабабли инсонлар севиб истеъмол қиладилар. Лекин халқимизда “Бир товуққа ҳам дон керак,ҳам сув керак” деган гапнинг нечоғли ҳақиқат эканини уйида товуқ боққан билади. Товуқни етти хазинанинг бири дейишади, лекин халқимиз нега ўша “Етти хазинанинг бири” бўлган паррандани сақлашни унчалик хушламай қўйди.

Сабаби оддий-бозорда бир кило дон 3000-5000 сўм атрофида сотилмоқда, оддий кепак ҳам 2200 сўмга чиқиб кетди. 10 товуқ боқиш учун камида кунига 1 кило ем сарфланишини ҳисобласак, ҳақиқатан ҳам паррандани сақлаш айтарлик фойда келтирмайди.

…Лекин бир эмас нақд саксон минг жўжаларни парваришлаб, тухум бериш пайтигача сақлашнинг машаққатини шу соҳанинг мутахассиси, Шўрчи туманидаги “Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖ раҳбари М.Йўлдошев билан суҳбатлашганда гувоҳи бўлдик.

Шўрчи тумани “Оқтумшуқ” МФЙ ҳудудидаги “Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖ ҳозирги пайтда 30.000 бош тухум берадиган парранда мавжуд бўлиб, жамият ишчилари кунига 26.000-27.000 дан ортиқ тухумларни туман аҳолисига етказиб бермоқда. Лекин паррандаларнинг озуқа базасини яратиш учун жамиятнинг ихтиёрида ер майдони бўлмаганлиги сабабли паррандалар учун ем фақат бозор нархида сотиб олинмоқда, лекин аҳолига бир дона тухумни 800 сўмдан сотмоқда.

Ҳозирги пайтда жамият ҳисбида 78 480 бош паррандаларни парваришлаш учун асбобо-усуналар ва технологиялар ўрнатилган

Шўрчи туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги Қ-303-сонли қарори билан 40,3 гектар ер майдони ажратилган эди. Шўрчи туман прокурори орадан 1 йилу 2 ойдан сўнг ушбу қарорни бекор қилиш ҳақида протест киритди ва Шўрчи туман ҳокимининг 24.01.2019 йилдаги Қ-303-сонли қарори бекор қилинди.

“Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖда ҳозирги пайтда Россияда ишлаб чиқарилган 48.480 бош паррандани парваришлаш учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар келтирилиб ўрнатилган. Куни кеча жамиятга яна 50.000 бош зотдор паррандалар сотиб олинди ва улар парваришланмоқда.

Паррандалар учун озуқа бозор нархида сотиб олиниши жамиятга жуда қимматга тушмоқда.  Бу эса тухум ишлаб чиқаришнинг таннархининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Айни вақтда бир дона тухум етиштириш таннархи 690 сўмни ташкил этмоқда.

Бу  йил ҳам озуқа етиштириш учун  суғориладиган  паст бонитетли, ғалла ва пахта етиштириш учун самарасиз бўлган ер майдонларидан ажратилмаса, жамиятнинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб бораверади.  Агар сўраётган ер майдони ажратилса ишлаб чиқариш таннархи 500 сўмгача пасайиши мумкин. Бундан эса аҳоли анча наф кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли «2004 — 2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига илова қилинган «Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом»га асосан ҳозирги пайтда “Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖда 2000 шартли бирлик чорва моли мавжуд ва шу қарорга асосан 900 гектар  суғориладиган ер майдони ажратилиши лозим эди, “Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖ ходимлари эса 100 гектар озуқа етиштириш учун  суғориладиган  паст бонитетли, ғалла ва пахта етиштириш учун самарасиз бўлган ер майдонларидан ажратилишига ҳам рози бўлиб, вилоятга югуриб юрибди, аммо ҳали тадбиркорнинг бу муаммоси ҳал этилгани йўқ, фақат умидбахш ваъдалар эшитмоқда.

“Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖ ходимлари 2020 йил май ойида “Ўзсаноатқурилишбанк” Шарғун филиалидан 2 миллиард сўм имтиёзли йиллик 17,5 фоизли банк кредит маблағи олиниб, 30.000 бош парранда сотиб олинди. Олинган кредит асосий қарз ва устама фоизларини ўз вақтида тўлаб борилмоқда.

Ҳозирги пайтда жамиятда 10 нафар киши доимий иш билан таъминланган ва улар ўз вақтида иш ҳақлари билан таъминланган.

“Шўрчи-Мароканд-Парранда” МЧЖ ходимлари Россия Федерациядан 6 ярусли 48.480 бош паррандани парваришлашга мўлжалланган технология линияси олиб келиб ўрнатди ва бу технология линияси фойдаланишга тайёр.

Жамият  “Ўзсаноатқурилишбанк” Шарғун филиали келишган ҳолда шу технология учун паррандалар ва озуқа сотиб олиш учун иккинчи босқичга 3,5 миллиард сўм банк кредити олиши лозим эди. лекин “Ўзсаноатқурилишбанк” Шарғун филиали ходимлари навбатдаги кредит ажратишни пайсалга солмоқда.

Президентимиз аҳолини арзон чорва ва парранда маҳсулотлари билан таъминлаш учун қатор қарорлар қабул қилмоқда, уларга етарлича ермайдонлари ажратиш ва кредит билан таъминлаш учун эътибор бермоқда.

Шўрчи туманида эса туман ҳокими ажратган 40,33 гектар ер майдонини ҳам қайтариб олиб қўйишди, “Ўзсаноатқурилишбанк” Шарғун филиали сотиб олинган жўжалар учун кредит беришни минг хил баҳона билан пайсалга солмоқда.

-Агар бизнинг ер майдони ажратиш тўғрисидаги илтимосимиз ижобий ҳал этилса куни 74-78 минг дона арзон тухум етказиб бериш имконимиз пайдо бўлади,-дейди биз билан суҳбатда жамият раиси Менгзиё Йўлдошев.

Бозордан ем сотиб олган тадбиркор тухумни зарига сотмайди-ку! Наҳотки вилоятдаги раҳбарлар хала учун арзон парранда маҳсулотлари етказиб бераётган тадбиркорни қўлламайди.

Президентимизнинг аҳолини арзон парранда маҳсулотлари билан таъминлаш тўғрисидаги сиёсати шу тариқа барбод бўлаверадими?

Саволимизга Сурхондарё вилоят ҳокимлигидан ва “Ўзсаноатқурилишбанк”  раҳбарларидан жавоб кутамиз.

Оловжон

Related Articles

Back to top button