O`zbekiston

Танзила Нарбаева: “Тор доирадаги шахсларнинг манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши керак эмас”

Жорий йилнинг 22 август куни Сенат Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Т.Нарбаеванинг Молия вазири Т.Ишметов билан онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Муҳокамани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Молия вазирлиги масъул бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокамасидир.

Мулоқот давомида Мерос жамғармаси томонидан юритиладиган Иқтисодий эркинлик индексининг “Давлат харажатлари” индикатори бўйича мамлакатимиздаги ҳолат, хусусан ҳозирги ислоҳотлар даврида кўплаб харажатлар давлат елкасига – бюджетга тушаётганлиги, айниқса, пандемия сабабли харажатлар миқдори ҳам ортганлиги қайд этилди.

Мулоқот жараёнида давлат ташқи қарзларини жалб қилишнинг ягона меъёрини белгилаш, ушбу йўналишни тартибга солувчи қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти мавжудлиги таъкидланди.

Шунингдек, солиқ тўлашда айрим корхоналарга ёки йирик тадбиркорларга кўплаб истиснолар, қўшимча қоидалар, имтиёзлар ва преференциялар берилаётганлиги бозор эркинлигига, рақобат муҳитига, солиқ тизимининг шаффофлигига салбий таъсир қилаётганлиги танқид қилинди. Бундай имтиёзлар кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказиш механизмини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бу борада фикр юритар экан, Сенат Раиси Танзила Нарбаева қандайдир тор доирадаги шахсларнинг манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши керак эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Айтиш жоизки, Иқтисодий эркинлик индекси бўйича мамлакатимиз жами 186 та мамлакат орасида 114-ўринни,  Осиё-Тинч океани минтақасида 42 та мамлакат ичида 26-ўринни эгалламоқда.

Айрим индикаторлар бўйича республикамиз кўрсаткичи анча юқори. Хусусан, “фискал саломатлик” индикатори бўйича 100 баллдан 98,9 балл, “солиқ юки” индикатори бўйича эса 91,6 баллни қўлга киритган.

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button