O`zbekiston

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг воҳа қурувчиларига байрам табриги

Ҳурматли қурувчилар!

Сиз, азизларни бугунги касб байрамингиз – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Қурилиш ва бунёдкорлик ҳар қайси мамлакат, ҳар қайси ҳудуд тараққиётини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Бугун мамлакатимиз Президентимиз раҳнамоликларида улкан қурилиш, бунёдкорлик, яратувчилик майдонига айланган. Сурхондарё вилояти ҳам бундан мустасно эмас. Вилоятимизда барпо этилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар сиз, қўли гул, азм-у шижоатли қурувчиларимиз меҳнати самарасидир.

2019 йилда вилоятда Инвестиция ҳамда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида 88 та ижтимоий соҳа, 68 та ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди.

Жумладан, 1121 та арзон ва замонавий уй-жойлар, Термиз туманидаги “Жайронхона” тиббиёт муассасаси ўрнида замонавий типдаги 100 ўринли Ногиронларни реабилитация қилиш маркази, Термиз шаҳридаги қуввати 500 минг сақлов сиғимга эга 7 та қаватли вилоят давлат архиви, Қумқўрғон туманидаги “Ногирон болалар мурувват уйи” бинолари қурилиши замирида халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш мақсади мужассам.

Ҳозирги пандемия шароитида ҳам барча қурилиш объектларимизда соҳа фидойиларининг тинимсиз меҳнати ва карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари туфайли бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда.

2020 йилги Инвестиция ҳамда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида шу кунгача 81 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектининг 28 тасида, 44 та ичимлик суви ва оқова сув объектларининг 11 тасида  қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган бўлса, қолганларида кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда қурилишлар кўлами йил сайин кенгайиб, унинг қиёфаси тамомила ўзгариб бормоқда. Бу улкан ишлар сизларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингиз натижаси эканини бугун воҳадошларимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Ҳурматли қурилиш соҳаси ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, улкан зафарлар, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака ёр бўлишини тилайман.

Тўра Боболов,

Сурхондарё вилояти ҳокими

Related Articles

Back to top button