Bu qiziq

Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик

2024 йил 29 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-961-сонли Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишига кейинги йилларда республикамизда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахтлар ва буталарни муҳофаза қилиш, шунингдек яшил зоналарни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши, шунингдек қимматбаҳо навли дарахтлар ва буталарнинг кесилишига мораторий жорий этилиши шулар жумласидандир.

Бироқ айрим шахсларнинг ўсимлик дунёси объектларига нисбатан тажовузкорона хатти-ҳаракатлари, шу жумладан дарахтларнинг қонунга хилоф равишда кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Айни вақтда дарахтлар ва буталарни кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун бир нечта маъмурий жавобгарлик турларининг мавжудлиги бу борада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда ва турли муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, шунингдек дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди.

Бундан ташқари «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланмоқда, шунингдек дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши назарда тутилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ушбу Кодекснинг 77-моддаси биринчи қисмининг диспозицияси «Ўрмон фонди ерларида пичанзорлар ва яйловларни шикастлантириш, ўзбошимчалик билан пичан ўриш, дренаж тизимларини ва йўлларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш» янги таҳрирда баён этилди.

Бундан ташқари, 79-моддаси биринчи қисмининг санкциясидаги «беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача» деган сўзлар «йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса — эллик бараваридан етмиш беш бараваригача» деган сўзлар билан; иккинчи қисмининг санкциясидаги «базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга» деган сўзлар «базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Шунингдек, ушбу модда: «Дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилчди.

Шу билан бирга, ушбу Кодекс 113-модда биринчи қисмининг диспозициясидаги «иҳота дарахтларини» деган сўзлар ва 148-модданинг диспозициясидаги «дарахт кесиш ва уларга шикаст етказиш» деган сўзлар чиқариб ташланди. 261-модданинг биринчи қисмидаги «79-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида» деган сўзлар «79-моддасининг биринчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бундан ташқари, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар билан тўлдирилди. Мазкур Қонун дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини оширишга, шунингдек мазкур соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича

Термиз туман судининг тергов судьяси

О.Абдурасулов

Related Articles

Back to top button