Ноқонуний уй-жой қурган аёл жавобгарликка тортилди

Миллий қонунчилигимизда ер, ерга бўлган эгалик ҳуқуқи ҳамда ердан фойдаланиш тартиби тўғрисида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.
Бироқ, фуқаро Мажидова Дилфуза Ибрагимовна (исм-фамиля ўзгартирилган) Жарқўрғон тумани, Меҳнатобод маҳалласида ҳудудида жойлашган ер майдонини эгаллаб, ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб фойдаланиб келганлиги Кадастр агентлиги Жарқўрғон туман бўлими ходимлари томонидан аниқланиб, 2025 йил 31 октябрь кунидаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 60-моддаси 3-қисмига асосан 82.400.000 сўм жарима тайинланган.
Д.Мажидова ушбу қарорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 315-моддаси тартибида жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судига шикоят қилиб, кадастр агентлиги органи томонидан қўлланилган жаримани тўлашга имкони етмаслиги ҳақида важлар келтириб, жарима миқдорини камайтириб 4.120.000 сўмга келтириб беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг 2026 йил 5 август кунидаги қарорига кўра, Кадастр агентлиги Жарқўрғон туман бўлимининг 2025 йил 31 октябрь кунидаги Ўзбекистон Республикаси МЖтК 60-моддаси 3-қисми билан 82.400.000 сўм жарима солиш тўғрисидагиқарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Ушбу суд қарорига нисбатан Д.Мажидова апелляция тартибида шикоят қилиб, унинг иш материали Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида 2026 йил 25 август куни кўриб чиқилиб, Д.Мажидованинг айби унинг суддаги кўрсатмалари, дастлабки огоҳлантириш ва тушунтириш хати, хабарнома, далолатнома, ҳуқуқбузарлик фактини акс эттирувчи фотосуратлар, маъмурий баённома ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар билан ўз исботини топганлиги сабабли туман судининг қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилиб, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 68-моддасида, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин, деб кўрсатилиб, ернинг давлат муҳофазасида эканлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Сурхондарё вилоят суди
1-бўлим бошлиғи
Б.Нормуродов




