Hodisalar

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш учун жазо муқаррар

Маълумки, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жамият ҳаёти учун катта хавф юзага келтиради.

Бироқ, ушбу каби иллатлардан ўзини тия олмаган шахслар ҳам учрамоқда ва уларга қонундаги жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.

Масалан, муқаддам судланган фуқаро С.А 2023 йил 4 июнь куни бошқа шахснинг автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган вақти Бойсун тумани, “Шифобулоқ” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Дарбанд” ЙПХ масканида ИИБ ходимлари томонидан тўхтатиб текширилганда, ички кийими ичида яширин равишда 66,04 грамм кўп миқдордаги “Опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланиб, ундан ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, С.А яшаш уйида гиёҳвандлик воситаси борлиги ҳақидаги ўзининг кўрсатувига асосан 2023 йил 4 июнь куни яшаш уйи кўздан кечирилганда, ҳовлисининг ўтинхонаси шифтида 6,43 грамм кўп миқдордаги “Опий” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

С.Ага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,273-моддаси 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 59,60,61-моддаларига асосан узил-кесил 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва ушбу ҳукм апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилган.

2025 йил 24 сентябрь куни Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида мазкур иш кўрилиб, суд ҳукми ва апелляция инстанциясининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Хулоса шуки, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Маликов

Related Articles

Back to top button