Экология соҳасида қонун устиворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори экология соҳасида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йил 29 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-961-сонли Қонуни қабул қилинди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакататимиз бўйлаб барча ҳудудларда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши, шунингдек қимматбаҳо навли дарахтлар ва буталарнинг кесилишига мораторий жорий этилиши шулар жумласидандир.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, мазкур йўналишда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликларинг олдини олиш, бу борада қонун устиворлиги ва жазо муқарарлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан биридир. Таъкидлаш жоизки, экологик барқарорликни таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, шунингдек дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди.
Бундан ташқари, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларнинг қонунга хилоф равишда кесилган дарахт ва бута ўрнига компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланмоқда, шунингдек дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши назарда тутилди.
Мухтасар қилиб айтганда, экологик жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жазо муқарарлигини таминлаш, она табиатни асраб авайлаш, атроф табий муҳитдан оқилона фойдаланиш қонун билан кафолатлангандир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров




