Ғаллачиликда бозор механизмларини жорий қилиш давом эттирилади
Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Сўнгги вақтда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 долларга кўтарилди ва йил бошига нисбатан нархлар 30 фоизга ошди.
Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурати туғилмоқда. Шу муносабат билан йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш маслалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Ўтган йили республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
Йиғилишда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмаслиги, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилмаётгани, шунингдек давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаганлиги танқид қилинди.
Давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётгани қайд этилди. Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда, 1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилди.
Фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқаради. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўрт́адаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.
Давлат раҳбари буғдой етиштирувчи фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ва брокерларни бириктириб, ўқитишни ташкил қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилмоқда. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.
— Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар, деди давлат раҳбари. — Бундан буён, туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда
ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди, — деди давлатимиз раҳбари.
“Ўздонмаҳсулот” корхоналари ва хусусий корхоналарни айланма маблағ учун 800 миллиард сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.
Президент замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларини қоплаб бериш бўйича кўрсатмалар берди. Вилоят ҳокимлари ун ва ун маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан ва четдан олиб келиб, бозорда маҳсулот тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги қайд этилди.
Дон корхоналарини хусусийлаштириш ишлари ҳам жадаллаштирилади. Мутасаддиларга 1 августга қадар 20 та дон корхонасидаги давлат улушини савдога чиқариш топшириғи берилди.
Йиғилиш кун тартибидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалалари ҳам ўрин олди.
Жорий йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди. Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлди.
Бунга сел ва кўчки хавфи юқори ҳудудларда йиллар давомида бетартиб қурилишлар қилингани, пала-партиш суғорилгани ҳам сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Президентимиз мутасаддиларга тоғ дарёлари ва сойлари, сел йўллари жойлашган ҳудудларда туну-кун ишлайдиган штаблар ташкил этиш ва қутқарув отрядларини кўпайтириш, дарё қирғоқлари, сув омборлари, селга қарши иншоотларнинг фавқулодда вазиятларга шайлик ҳолатини ўрганиб, уларни мустаҳкамлаш ҳамда хавфли ҳудудларда яшаётган хонадонларни хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди.