Кадастр органлари ходимлари маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан яқиндан таништирилди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш белгиланган.
Мазкур қарор асосида 2022 йил 7 май куни видеоконференцалоқа режимида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди маъмурий биносида кадастр органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли, кўчмас мулк кадастрига оид маъмурий ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти билан таништириш мақсадида семинар-трейнинги ўтказилди.
Ушбу семинарда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари, судьялари, Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси юридик хизмат ҳамда кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими масъул ходимлари ўзларининг вилоятидаги студиялардан иштирок этишди.
Семинарда Судьялар олий мактабининг маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Дилмурод Артиков мамлакатимизда маъмурий судларнинг ташкил этилиши, маъмурий судларнинг ўзига хос хусусиятлари, улар томонидан кўриб чиқиладиган низолар хусусида маъруза қилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Дониёр Тожибоев, Қарши туманлараро маъмурий судининг раиси Азамат Хушваковлар томонидан суд амалиётида қонунларни қўллаш борасида шаклланган тажриба, шунингдек суд амалиётидаги баъзи бир муаммолар ва унинг ечими билан боғлиқ масалларга тўхталиб ўтди.
Семинар иштирокчилари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатларини амалиётида қўллаш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Сурхондарё вилоят маъмурий
суди судьяси Б.Эргашев