Bu qiziq

Оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга, умумий фарзандга эга бўлган шахсга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида тўсқинлик қилиш, шахсий нарсаларига қасддан шикаст етказиш, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш учун қуйидаги жавобгарлик белгиланди:

– БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима ёки
10 суткагача маъмурий қамоқ. Уларни дўппослаш эса 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа сабаб бўлади.

Мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Жавобгарлик – БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жаримадан бошланиб 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларигача.

Юқоридаги шахсларни дўппослаш, уларга тан жароҳати етказиш

2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Оилавий зўравонлик оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса (масалан, ҳомиладорга, ўта шафқатсизлик билан, икки ёки ундан ортиқ шахсга ва ҳк. шикаст етказиш), жиддий оқибатларни келтириб чиқарса (масалан, кўриш, сўзлаш қобилиятини йўқотиш, ўлим), 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Илгари мазкур ҳаракатлар учун умумий моддаларга (баданга шикаст етказиш) асосан жавобгарликка тортилган.

Шилқимлик қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Унга кўра, шахсга номақбул ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга ёки 5 суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлади.

Илгари мазкур ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланмаган.

Алимент тўламаган шахс мажбуран ишлатилиб, пули болалари таъминотига йўналтирилади.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш жазоси киритилди. У судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача муддатга тайинланади.

Маълумки, алимент қарздорлиги жиддий муаммога айланган. Алимент тўламай юрган шахсларни 15 суткага қамаш ёки жаримага тортиш мумкин. Бироқ аксарият ҳолларда бундан алимент  олувчига умуман наф йўқ.

Аксинча, қамоққа олинган алимент тўловчи 15 сутка ишлаб пул топиш имкониятидан маҳрум бўлади, жарима жазоси эса унинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Энди улар мажбурий жамоат ишларига ҳам жалб этилади ва иш ҳақининг тенг ярми алиментга ушлаб қолинади.

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Унга кўра, вояга етмаганларга нисбатан маълум жиноятларни содир этганлар жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинмайди. Ҳатто мазкур жиноятлар жиноятга тайёрганлик ёки суиқасд босқичида тўхтатилганда ҳам, жазо тайинлашда енгиллик берилмайди. Хусусан, қуйидаги жиноятларни содир этганлар нисбатан:

18 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва жинсий алоқага мажбурлаш;

16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа ёки унга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш;

вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотлар билан муомала қилиш;

вояга етмаган шахс иштирокида қўшмачилик қилиш, фоҳишахона ташкил этиш.

Илгариги тартибга, кўра улар жазонинг ярмини ўтагач, енгилроғига алмаштирилиши ёки жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин эди.

Аёл кишини “аборт” қилишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Аёлни абортга мажбурлаш учун жавобгарликнинг қуйи чегараси – БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жаримадан бошланиб юқори чегараси – 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди.

Илгари жавобгарлик БҲМнинг 50 бараваригача жаримадан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларигача эди.

Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш учун жазо кучайтирилди.

Мазкур жиноятлар учун илгари 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган бўлса, эндиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланди.

Шунингдек, мазкур жиноятлар қуйидаги шахсларга нисбатан содир этилса, оғирлаштирувчи ҳолат деб топилади ва жазо кўпроқ тайинланади (энг кўпи 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш):

– ногиронлиги бўлган шахсларга;

– собиқ хотинига (эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга шахсга;

– жабрланувчига қараб туриш юклатилган муассаса ходими томонидан содир этилиши.

Илгари мазкур тартиблар мавжуд эмас эди.

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Масалан, ота-оналар, 6 ойдан кўп муддатга хорижга кетганда вояга етмаган фарзандларига васий ва ҳомий тайинлатиб кетиши керак. Бироқ бу қоидага доимо амал қилинмайди.

Хусусан, ота-оналар томонидан мазкур мажбуриятларни бажармаган ҳолда хорижга чиқиб кетган ота-оналарнинг фарзандлари томонидан 2019 йилда жами 7 та, 2020 йилда 22 та, 2021 йилда 29 та жиноят содир этилган.

Эндиликда, мазкур қилмиш БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жинсий жиноят содир этган шахслар таълим-тарбия ташкилотларида ишлаши тақиқланди.

Қасддан одам ўлдирган, 18 ёшга тўлмаган шахс номусига теккан, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотлар билан муомала қилган, терроризм учун жавобгарликка тортилган шахслар таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланди.

Илгари мазкур чекловлар мавжуд бўлмаган.

Ота-она яшаш жойидан чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганида ўз боласига васий ёки ҳомий тайинлаши шарт бўлган муддат 6 ойдан 3 ойга қисқартирилди.

Яъни ота-она 3 ойдан кўп чет-элга кетса боласига васий ёки ҳомий тайинлаши керак, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

“Ҳимоя ордери” муддати 1 йилгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи шахс ва унга тазйиқ ўтказган ва зўравонлик қилган шахс бир жойда ишласа ёки ўқиса, ички ишлар органи мансабдор шахси уларнинг ўртасидаги бевосита алоқани тақиқлаш бўйича ташкилотга тақдимнома киритади ва ташкилот раҳбари тақдимнома ижросини таъминлайди.

Ҳимоя ордери муддати суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши мумкин.

Илгари муддат 30 кунгача ички ишлар органлари томонидан узайтирилган.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси     М.Хакимов

Related Articles

Back to top button