Madaniyat

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг асосий бурчлари

2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлимида инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари кўрсатиб ўтилган.

Конституциянинг 59-моддасидан 64-моддасигача бўлган моддалар инсон ва фуқароларнинг бурчлари белгилаб берилган.

Конституциянинг 59-моддасига кўра, “Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар” деб белгилаб қўйилган.

60-моддада, “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар” деб, 61-моддада “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади” деб кўрсатилган бўлса, 62-моддада “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб белгиланган.

Конституциянинг 63-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак” деб белгилаб қўйилган бўлса, 64-моддада “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар” деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддасида, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган.

Инсон ва фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш билан бирга, бурчлари мавжуд эканлигини ҳам унутмаслиги лозим.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси М.Маликов

 

Related Articles

Back to top button