O`zbekiston

Тадбиркорларнинг банкдаги пулларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жазо тайинланади

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 31 январда қабул қилинган, Сенат томонидан 2023 йил 3 майда маъқулланган, 2023 йил 10 май куни ЎРҚ-841-сонли Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Мазкур Қонунга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда жиноят кодексига қўшимчалар киритилди.

Энди тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан розиликсиз пул ўтказган ёки олиб қўйган ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаган шахслар жаримага тортилади.

Хусусан, эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда жавобгарлик белгилаш бўйича қўшимча киритилди. Агар фуқароларнинг ҳаракатида юқоридаги ҳолат аниқланса, БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам яна содир этилса, жиноий жавобгарликка тортилади. Бу бўйича Жиноят кодексига ҳам қўшимча киритилди. Унга кўра, бу қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

  • БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоатишлари;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Ўша ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишбилан жазоланиши мумкин.

Агар бунинг ортидан жуда кўп миқдорда зарар етказиладиган бўлса ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда ҳам озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси                          М.Хакимов

Related Articles

Back to top button