O`zbekiston

2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”

Президентимиз 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилди.

Йиғилганлар бу ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

«Нима учун йилга бундай ном бераяпмиз?

Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик.

Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмас-ми?

Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», — деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.

Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий қилишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас.

Президент шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.

Узоқ тайёргарлик кўрилган ушбу ислоҳот доирасида:

— Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади;

— ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади;

— кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади;

— давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбари маъмурий ислоҳотларнинг яна бир қатор жиҳатларини очиқлади: Хусусан:

— вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради;

— вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилади;

— вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якуни билан эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради;

— қайси вазир ўз ишини эплай олмаса, истеъфога чиқади;

— маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.

Йиғилишда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади.

Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.

Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади.

«Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз», — деди Президент.

Боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

Президент халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.

Келаси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги таъкидланди.

Шу боис, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади.

Президентимиз кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади.

Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож.

Шу боис, келаси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда хусусий шерикчилик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз (бундай шароит фақат Тошкент шаҳрида бор).

Related Articles

Back to top button