Bu qiziq

ҚЎШМА КОРХОНАДА ФЕРОМОН ТУТҚИЧЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан соҳани ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмокда. Бу борада ҳориж  тажрибасидан ҳам кенг фойдаланилаяпти.

Куни-кеча бошқармада соҳада тадбик этилаётган ислоҳотлар ва бу борадаги илмий ёндошувларга бағишланган навбатдаги   ўкув семинари ташкил этилди. Унда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, Италиянинг «SigmaItaly» компаниясиянинг Ўзбекистондаги  вакили   Женгиз Ялчин ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари иштирок этди. Тадбирда  фермер  ва томарка ер эгаларининг  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экинларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш чораларини самарали ташкил этиш ҳамда бошқа тегишли агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб, ҳосилдорлик ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган чора –тадбирлар ҳақида сўз борди.

Семинар аввалида  Ўсимликлар карантини ва  ҳимояси илмий-тадқиқот институти олими Қаландар Бобобеков сўз олиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришишда феромон тутқичлардан тўғри фойдаланиш ва уларнинг  мониторингини олиб боришнинг аҳамияти   ҳақида тўхталди.

— Феромон тутқичлар маълум зараркунанда турини сунъий ҳид ёрдамида ўзига жалб қилади, — деди олим. —  Зараркунанда феромон тутқичга киргач, у ердаги  елим қоғозга ёпишиб қолади. Феромон тутқичга тушган зараркунанда сонига қараб, зараркунанданинг ривожланиш босқичи ва тарқалиш хавфини аниқлаш мумкин. Агар зараркунанда сони белгиланган миқдордан ошиб кетса, унга қарши чора кўриш лозим.  Бу каби феромон тутқичлар ҳашаротларни назорати учун агросаноатда 4-5 гектар майдонга 1 дона, илмий изланишларда 100 м2  майдонга 1 дона қўйилади.  Бу эса, пестицид қўлланишини камида 50 фоизга камайтириб, ҳосилнинг қарийб 65 фоизини зараркунандалардан нобуд бўлиши олдини олади. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали бўлиб, камроқ пестицид қўлланиши ҳисобига пулни тежайди. Муҳими соф ва экспортбоп маҳсулот етиштиришда ёрдам беради. Табиат мувозанатини сақлайди.

Таъкидлаш муҳимки, ҳозирда тутқичларда олма мевахўри, шарқ мевахўри, гилос пашшаси, калифорния қалқондори, шингил барг ўровчиси, тенгсиз ипак қурти, комсток қурти, тут парвонаси, анор мевахўри, помидор куяси, картошка куяси, ғўза тунлам, кузги тунлам, цитрус оққаноти, цитрус ғовакловчи куяси, қовун пашшаси, омбор куяси каби зараркунандаларни тутувчи феромонлар мавжуд.

Маърузачилар томонидан   Италиянинг «SigmaItaly» компанияси ва  Ўзбекистон давлати билан ҳамкорликда 5 турдаги феромон тутқичлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши режалаштирилаётганлигини   айтиб ўтилди.

Компаниянинг мамлакатимиздаги вакили Женгиз Ялчин сўз олиб, феромон тутқичлар турлари ҳақида тушунтириш  бериб,  бу борада хориж тажрибаси  билан ҳам  ўртоқлашди.

— Янги феромон тутқичларни интернет орқали узоқдан туриб кузатиш мумкинлиги унинг қулайликларидан бири деди,  — Чингиз Ёлчин. — Ундаги сунъий интеллект ҳашарот турини ва сонини аниқлаш, қарши кураш усуллари, маълумотларни графиклар ёрдамида тақдим қилиш ва юклаб олиш имкониятларини тақдим этади.   Феромон, юқорида айтиб ўтганимиздек, “жалб қилувчи” ёки “чорловчи” модда бўлиб, унинг жуда кичик миқдори (1-2 мг) кўп эркак капалакларни чақириши мумкин. Феромон моддасини ишлатиш учун уни ҳар хил резина ёки полимер воситаларга шимдирилади. Кейинчалик модда атрофга ҳаво орқали аста-секин тарқала бошлайди. Резина трубка 15-20 мм узунликда қирқилган бўлиб, ҳар бир бўлаги ўз таркибида 2 мг феромон сақлайди (ғўза тунлами учун). Феромон резина трубка бўлагининг ички сатҳига сингдирилган бўлади. Шу сабабли доимо трубканинг ички сатҳи очиқ бўлиши лозим. Трубка тешигидан ҳавонинг ўтиб туриши феромоннинг атрофга тарқалишини таъминлайди. Феромонлар сингдирилган резина трубка 1 мм ли сим ёрдамида тутқичнинг марказий қисмига осиб қўйилади. Бу ўринда скрепкадан (қоғоз қистиргич) фойдаланиш ўринлидир. Феромонлар сингдирилган резина трубкани жойлаштиришда горизонтал ҳолатини таъминлашга ҳаракат қилиш керак.

Бир сўз билан айтганда, феромон туткичлар ҳашаротлар ҳаракатини бошқаришда самарали восита ҳисобланади. Ундан  фойдалишни  мукаммал ўрганиш  эса ҳосилдорликнинг юкори бўлиши гаровидир.

 

Акрам Абсаматов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Даврон Мирзакулов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи.

Related Articles

Back to top button