O`zbekiston

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг воҳа аҳолисига байрам табриги

Азиз воҳадошлар!

Авваламбор, Сизларни энг улуғ, энг азиз айёмимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, қадим-қадимдан илму-маърифат, маънавият ва маданият бешиги бўлиб келган, азиз авлиёлар юрти — Сурхон воҳаси мустақиллик йилларида янада гўзал ва обод масканга айланди, янгича сайқал топди.

Бугун мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Сурхондарёда ҳам ўз самарасини бериб, воҳадошларимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлардан беҳад мамнунлик ва фарзандлари камолидан бахтиёрлик туйғуси билан яшамоқда.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этишда бошқаларга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ фидойи турли соҳа вакиллари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, кўкрак нишонлари билан мукофотланди.

Хусусан, вилоятимиздан 55 нафар воҳадошимиз юксак орден ва медалларга, 2 минг 258 нафари “Мустақилликнинг 30 йиллиги” эсдалик нишонига сазовор бўлди.

Улар сафида “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовар бўлган Денов тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Яззон Худайқулов, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган Шеробод туманидаги шахсий томорқа ер эгаси Абдирахмон Каримов ҳамда  Сариосиё туманидаги “Боғу бўстон” фермер хўжалиги бошлиғи Носирхон Тўрақулов каби фидойи, ташаббускор воҳадошларимиз бор.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимизнинг унвон, орден ва медалларига сазовар бўлган барча юртдошларимизни юксак мукофот билан самимий табриклаймиз.

Ҳурматли воҳадошлар!

Агар ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, айниқса, 2016-2021 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, одамларнинг турмуш даражасини ошириш янги босқичда юксалаётганини кўрамиз.

Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш-пудрат ишлари, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари сезиларли даражада  ўсди.

Жумладан, 2016 йилга нисбатан саноат корхоналари 3 баробарга ва ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 2,5 баробарга ошиб, 5,5 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Биргина текстиль ва тўқимачилик саноатини оладиган бўлсак, сўнгги йилларда катта ўзгаришлар юз берди.

Масалан, яқин йилларда машаққатли меҳнатимиз эвазига етиштирилган пахтанинг бор-йўғи 11 фоизи воҳада қайта ишланган бўлса, бугун 100 фоиз пахта хом ашёси вилоятда қайта ишланмоқда.

Тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тубдан ривожланмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда цемент, гипс, гипсокартон, пардозбоп тошлар, керамзит ва бошқа қўплаб янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган  имконият ва имтиёзлар кичик бизнес субъектлари сонини 2,5 баробар кўпайтирди.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун кредит ажратиш 2016 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошиб, 2,6 трлн сўмни ташкил этди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кейинги 3 йилда 1,2 трлн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Жорий йилнинг ўтган даврида  650 млрд сўм маблағ берилган бўлса, йил якунигача 1 трлн. сўмга етказилади.

Сўнгги 4 йилда вилоятда 8,3 трлн сўмлик 2 300 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 21 минг янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда ҳам 4,8 трлн. сўмлик 1083 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11,7 минг янги иш ўрни яратилади.

Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 26 трлн. сўмга, экспорт ҳажми 2 баробарга ошиб, йил якуни билан 300 млн долларга етказилади.

Азиз юртдошлар!

Ҳаммамиз биламизки, яқин йилларда ҳам вилоятда сув, газ, электр таъминотида катта  муаммолар мавжуд эди. Электр энергияси кунига бир неча бор ўчиб, айрим қишлоқлар 16-20 соатлаб энергиясиз қолар эди. Бу масаланинг ечимини топиш учун сўнгги 5 йилда электр тизимида 2 минг км янги электр тармоқлари тортилди. 1000 дан зиёд  янги трансформатор ва 3 та подстанция қурилиб, электр энергияси таъминотида анча муаммолар ечилди.

Бу масалани ҳал этишга кўмаклашиш учун вилоятимизда бу йил хаёлимизга келмаган яна бир йирик лойиҳага қўл урилди.

Президентимиз жорий йил 1-2 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Шеробод туманида қиймати 260 млн. долларлик қуввати 457 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига таъмал тошини қўйиб берди.

Ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 169 та маҳаллалар марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 1170 км янги сув кувурлари тортилди. Натижада марказлашган сув таъминоти 42,9 фоиздан қарийб 54 фоизга кўтарилди.

Давлатимиз раҳбари шу йил 1-2 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида жорий йилда ичимлик сув таьминотини яхшилаш учун 100 млрд.сўм маблағ ажратди. Шунингдек, бошқа ижтимоий соҳа обьектлари учун қўшимча 200 миллиард сўм маблағ берилди. Бунинг натижасида 57 та ижтимоий соҳа объектини барпо этиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, “Тўпаланг” сув омборидан тоза сув етказиб бериш учун 138 миллион  долларлик лойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу лойиҳа вилоятда 1,7 миллион аҳолининг экологик тоза ичимлик сув масаласини тўлиқ ҳал этади.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш тарзини яхшилаш ҳам давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.

Уй-жойлар сони сўнгги 5 йилда 1,6 барабар ортди. Умумий фойдаланишдаги уй-жойлар 178 минг тага кўпайди (2020 йил 479 минг та, 2016 йил 301 минг та бўлган). Эҳтиёжманд оилалар 7 621 та намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзонлаштирилган уй-жой билан таъминланди.

Қадрли дўстлар!

Мустақиллик миллий қадриятларимизни тиклаш ва ўзлигимизни англаб олишда буюк неъмат бўлди.

Айни пайтда кундалик ҳаётимизга камбағалликни қисқартириш,  “Темир дафтар”, “Аёллар ва Ёшлар” дафтари, деган ибораларнинг кириб келиши ва шу орқали кўплаб ватандошларимизнинг турмуш даражаси яхшиланаётгани ҳам истиқлолнинг буюк иноятидир. “Хонадонбай”, “маҳаллабай”, “корхонабай” сингари янгича усулда ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, ишлаш тизими жорий этилмоқда.

Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида Маҳаллабай ишлаш марказлари ташкил этилди. Шу йилнинг ноябрь ойигача қолган туман ва шаҳарда ҳам янги марказлар иш бошлаб, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг амалдаги натижасидир.

Яқин-яқин йилларда ҳам бир йилда асрларга татигулик янгиликлар юз беришини  ҳеч биримиз тасаввур этолмас эдик. Бунга биргина шу йилнинг август ойида ҳукуматимизнинг вилоятимиз ҳаётини тубдан ўзгартиришга пойдевор яратаётган 4 та қарори қабул қилингани яққол далилдир. Бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси нисбатан орқада бўлган Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларини 2021-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурлари қабул қилинди.

Мазкур дастурлар доирасида келгуси уч йилда 6,6 триллион сўм маблағ ўзлаштирилиб,  254 та инвестиция лойиҳаси, 1125 та ижтимоий соҳа ва бошқа турдаги объектлар ишга туширилади. Натижада 33 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Ҳурматли воҳадошлар!

Қутлуғ айёмни шоду-хуррамлик билан нишонлаётган шу кунларда Сизларга яна бир янгиликни айтмоқчиман:

Президентимиз шу йил 22 августда “Сурхондарё вилоятида қулай инвестиция муҳитини яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзоладилар. Унга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу жумладан аҳоли томарқасидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, 2021-2022 йилларда ташкил этиладиган замонавий иссиқхона лойиҳаларига 50 миллион АҚШ доллари берилади.

Азиз дўстлар!

Сўнгги йиллар ижтимоий соҳани ривожлантиришда туб бурилиш ясади.  Хусусан, мактабгача таълим тизимида 2016 йилда қамров 11,5 фоиз бўлиб, боғчалар асосан Термиз шаҳри ва туманлар марказларида сақланиб қолган эди.

Қисқа вақтда 1125 та болалар боғчаси ташкил этилиб, болалар қамрови 41,5 фоизга етказилди. Йил якунига қадар қамровни 60 фоизга етказмоқчимиз.

Халқ таълими тизимида 2016 йилга нисбатан умумий ўрта таълим мактаблари сони 67 тага кўпайди. Инвестиция дастури асосида 2016-2020 йилларда 191 та мактабнинг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 235 млрд.сўм маблағ ажратилди.

Олий таълим тизимида жуда катта ўзгаришлар юз бериб, халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Мисол учун, 2016 йилда вилоятда битта олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 5 йилда уларнинг сони 6 тага етди.

Бугунги кунда мавжуд олий таълим муассаларида 37 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. 4 йил олдин бу кўрсатгич 7000 нафарни ташкил этган. Яъни, талабаларнинг сони 5 баробарга, профессор-ўқитувчилар сони эса 1,5 баробарга ошди.

Соғлиқни сақлаш тизимида юз берган янгиланишлар халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

Тиббиёт муассасалари  замонавий тиббий ускуналар билан таъминланиб, Республика ихтисослаштирилган марказларининг филиаллари бунёд этилмоқда. Айни пайтда воҳада мазкур марказларнинг 12 та филиали очилиб, беморларни вилоятнинг ўзида даволаш, мураккаб операцияларни ўтказиш йўлга қўйилди.

Мустақиллик йилларида аҳолининг муносиб дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилган ишлар эътиборга моликдир.

Хусусан, Термиз шаҳридаги Амударё соҳилида барча шароитларга эга 200 ўринли “Амударё” болалар оромгоҳи қуриб, фойдаланишга топширилди.

Термиз туманининг Учқизил қўрғонида 160 ўринли “Термиз марвариди” санаторийси ишга туширилди. Олтинсой тумани марказига “Хўжаипок” зиёратгоҳидан 26 км масофага шифобахш сув келтирилиб, 200 ўринли замонавий “Хўжаипок” соғломлаштириш маскани барпо этилди.

Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, Денов ва Сариосиё туманлари чегарасидаги сўлим “Наврўздара” ҳудудида 7 қаватли 250 ўринли санаторий ҳамда Олтинсой туманидаги “Хўжаипок” зиёратгоҳининг ўзида 200 ўринли “Хўжаипок ота дам олиш маскани” бунёд этилмоқда.

Бу билан халқимизнинг олис шаҳарларга қатнаб, даволаниши ва саломатлигини тиклашига чек қўйилмоқда.

Хуллас, бундай оламшумул ўзгариш ва янгиланишлар вилоятимизнинг барча тармоқларида юз бераётгани билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

Қадрли юртдошлар!

Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда юз бераётган беқиёс янгиланишларнинг, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги намунасидир.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг вилоятимизни ижтимоий — иқтисодий ривожлантириш, воҳадошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга қаратаётган алоҳида эътибори бу­ гўшага бўлган меҳрининг ёрқин ифодасидир.

Шундай экан, олдимизга қўйилган улкан марраларни эгаллаш ҳамжиҳатликда, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқимиз бугун ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшаши учун барча шароитларни яратиб бериш — Сизу-бизнинг зиммамиздаги энг асосий мақсадга айланмоғи лозим.

Азиз воҳадошлар!

Сиз, азизларни яна бир бор истиқлол айёми билан табриклаб, хонадонларингизга осойишталик, дастурхонларингизга қут-барака тилайман.

Осмонимиз ҳамиша мусаффо, жонажон Ватанимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Тўра Боболов,

Сурхондарё вилояти ҳокими

Related Articles

Back to top button