Вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзлари қай тартибда ундирилади?
Солиқ кодексига кўра, солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар деб эътироф этилади. Ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри ёки меросхўрлари томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва унинг меросдаги улушига мутаносиб равишда узилади.
Агар вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар бўйича солиқ қарзи мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, солиқ қарзининг мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади. Мазкур норма меросхўр ёки меросхўрлар томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолларда қўлланилади.
Меросхўр бўлмаганда ва меросхўр ёки меросхўрлар мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади. Умидсиз солиқ қарзи солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлади.
Солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ҳисобга қўйилган жойдаги ёки унинг мол-мулки турган жойдаги солиқ органи вафот этган шахснинг меросхўри ёки меросхўрлари тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан бир ой ичида уларга солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабар қилиши шарт.
Вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри ёки меросхўрлари мазкур жисмоний шахснинг солиқлар бўйича қолган қарзини мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай узиши шарт.
Солиқ органининг қарорига биноан узиш муддати, агар солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабарни меросхўр ёки меросхўрлар тўлаш муддати ўтишига олти ойдан кам вақт қолганида олган бўлса, узайтирилиши мумкин.
Вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш бўйича қарзи умидсиз қарз деб эътироф этилади.
Термиз шаҳар ҲМБ бош мутаҳассиси Н.Тилавов