Madaniyat

«Соқол қўйиш-қўймаслик ҳар бир фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ». ИИВ «соқол» тадбири ҳақида тарқалган аудиоёзув бўйича муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда «соқол» деб номланган тадбир ҳақида сўз бориб, унда соқолли фуқароларни аниқлаш, сўнгра уларни соқол олишдан олдин ва кейин суратга олиш кераклиги айтилган аудиоёзув тарқалди.

«Ҳурматли ходимлар, ‘соқол’ тадбири бўйича ҳам тезлаштириб қилиб берайлик. ‘Горотдел’дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар назоратга олган. Ҳар битта ‘ГОМ’ (шаҳар милиция бўлими)га 20 тадан соқоллиларни (фуқароларни) аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йил, ким у. Худди шундай қилиб, тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта ‘ГОМ’га 20 тадан берилган, бизда битта ҳам ҳали бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар тезроқ!» — дейди аудиоёзувда буйруқ бераётган шахс.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазият юзасидан «Gazeta.uz»га изоҳ берди.

«Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш-қўймаслик ҳар бир фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди у.

Матбуот котиби мазкур овоз кимга тегишли эканлигини ИИВ ўрганиб чиқишини маълум қилди.

2019 йил август ойида Тошкентдаги «Малика» савдо марказида ўтказилган рейдда соқол қўйган кишилар Шайхонтоҳур тумани 4-сонли ички ишлар бўлимига олиб борилиб, мажбурий равишда соқоли олинган эди. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси соқол олишга мажбур қилинганлигини инкор этган. Кейинроқ эса бу ишни қилганлар жазолангани ҳақида маълум қилинган.

Аввалроқ Навоийда ҳайдовчининг соқол қўйганига эътироз билдирган ЙПХ ходими устидан хизмат текшируви ўтказилгани ҳамда Тошкентда ҳижобли аёллар ушланиб, сўроқ қилинаётгани ҳақидаги видеога расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Related Articles

Back to top button